14:29 / 01.02.2022
2169

Навоийда 22 млн сўмлик қўйларни ўғирлаб кетган шахсга жиноят иши қўзғатилди

Фото: Тергов департаменти

Нурота туманида 24 ёшли йигит жами баҳоси 22 млн сўм бўлган қўйларни ўғирлаб, 13 млн сўмга сотиб юборди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2022 йил 23 январь куни соат 18:00ларда Нурота туманида яшовчи, 24 ёшли С.З. туманнинг Янгибино қишлоғи дашт ҳудудидан фуқаро Т.Р.га тегишли, умумий баҳоси 22 млн сўм бўлган 21 бош қўй ва 1 бош эчкини ҳайдаб кетган. Олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари натижасида С.З. ўғирлаган чорва молларини Оқмачит маҳалласида яшовчи фуқарога 13.6 млн сўмга сотиб юборганлиги аниқланган. Ушбу фуқародан жабрланувчига тегишли бўлган 22 бош мол ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Фото: Тергов департаменти

Ҳолат юзасидан Нурота тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан С.З.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Top