Ўзбекистон | 07:27 / 11.02.2022
4615
4 дақиқада ўқилади

Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги кенг нишонланади - Президент қарори

Усмон Носир

Президент “Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ёзувчилар уюшмаси, Фанлар академияси, Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маънавият ва маърифат маркази ҳамда жамоатчилик вакилларининг 2022 йилда Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди. Ташкилий қўмита бир ой муддатда Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш бўйича қуйидаги чора-тадбирларни назарда тутувчи дастурни, уни молиялаштиришнинг аниқ манбаларини белгилаган ҳолда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди:

  • Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини мамлакатда адабиёт ва санъат байрами сифатида кенг нишонлаш;
  • Усмон Носирнинг ҳаёти ва фаолиятини, хусусан, унинг қатағон даврида кечган йилларини ўрганиш, ҳозирга қадар номаълум бўлиб келаётган қўлёзма асарларининг тақдири ҳақида маълумотлар тўплаш мақсадида тарихчи олимлар ва ижодкорлардан иборат ишчи гуруҳи тузиш ҳамда унинг Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, шунингдек, Россиядаги тегишли архив материаллари билан танишиши учун шароит яратиш;
  • Наманган шаҳрида Усмон Носир ҳайкалини ўрнатиш;
  • Тошкент ва Наманган шаҳарларидаги кўчаларга Усмон Носир номини бериш;
  • Усмон Носирнинг “Танланган асарлар” тўплами ҳамда “Усмон Носир замондошлари хотирасида” китобини нашр этиш;
  • Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Фанлар академияси билан ҳамкорликда “Замонавий ўзбек адабиёти ривожида Усмон Носир ижодий меросининг ўрни ва аҳамияти” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказиш;
  • Усмон Носирнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм суратга олиш, спектакллар саҳналаштириш, мусиқа асарлари ва қўшиқлар, интернет ва ижтимоий тармоқлар учун мўлжалланган аудиовизуал асарлар яратиш, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида туркум материаллар эълон қилиш;
  • умумий ўрта таълим муассасалари, ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида Усмон Носир ҳаёти ва ижодига бағишланган “Унутмас мени боғим” мавзусида иншолар танловини ўтказиш;
  • мамлакатдаги таълим ташкилотлари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли адиб ва олимлар, санъаткорлар иштирокида Усмон Носир ижодига бағишланган учрашувлар, давра суҳбатлари ҳамда китобхонлик кечаларини ташкил этиш;
  • 2022 йил ноябрь ойининг иккинчи ўн кунлигида Миллий академик драма театрида Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигига бағишланган адабий-бадиий хотира кечасини ўтказиш.

Ташқи ишлар вазирлиги Маданият вазирлиги, Бадиий академия, Ёзувчилар уюшмаси ва “Шаҳидлар хотираси” жамғармаси билан биргаликда белгиланган тартибда Кемерово вилояти Мариинск шаҳрида Усмон Носир хотирасига бағишланган ёдгорлик ўрнатиш ва унинг тантанали очилиш маросимини ўтказиш юзасидан Россия тегишли идоралари билан музокаралар ўтказади ҳамда натижаси бўйича ташкилий қўмитага таклиф киритади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид