Жаҳон | 11:00 / 12.02.2022
11316
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ортидан яна тўрт давлат ўз фуқароларини Украинани тарк этишга чақирди

Нидерландия, Черногория, Япония ва Жанубий Корея ўз фуқароларига Украинага саёҳат қилмаслик ёки унинг ҳудудини тарк этишни тавсия қилди.

Фото: Getty Images

Черногория Ташқи ишлар вазирлиги «кескинликнинг кучайиши ва хавфсизлик билан боғлиқ олдиндан айтиб бўлмайдиган вазият муносабати билан» фуқароларга Украинани вақтинча тарк этишни тавсия қилди. Жанубий Корея Украинага қизил хавф даражасини берди ва мамлакатга саёҳат қилишни тақиқлади.

Нидерландиянинг Киевдаги элчиси Йеннес де Мол фуқароларга зудлик билан Украинани тарк этишни маслаҳат берди. Шу билан бирга, Нидерландия Ташқи ишлар вазирлиги сайтида фуқароларга Россия ва Беларус билан чегарадош ҳудудларга бормаслик, Украинада бўлганларга эса мамлакатни тарк этиш ҳақида ўйлаш тавсия этилди.

Япония Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Украинадаги япон фуқароларига мамлакатни зудлик билан тарк этишни тавсия қилди. 

10 февраль куни АҚШ Давлат департаменти фуқароларга «Россия ҳарбий амалиётлари таҳдиди ҳамда COVID-19 кучайиши сабабли» Украинага бормасликни ёки дарҳол унинг ҳудудини тарк этишни тавсия қилди. АҚШ президенти Жо Байден Украинадаги барча америкаликларни мамлакатни «ҳозироқ» тарк этишга чақирди. 

АҚШ, Австралия, Буюк Британия, Германия, Канада, Япония ва Исроил Украина чегаралари яқинида Россия қўшинларининг тўпланиши фонида ўз дипломатлари ва уларнинг оилаларини мамлакатдан қисман эвакуация қилишини билдирди. 

Аввалроқ, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Россиянинг Украинага бостириб кириши исталган вақтда, жумладан 20 февраль куни Пекин Олимпиадаси тугагунига қадар бошланиши мумкинлигини айтганди.

Худди шундай баёнот билан АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ҳам чиқди. Унинг сўзларига кўра, Америка разведкаси маълумотларига кўра, Россия босқинни ҳаво ҳужуми билан бошлаши, можаро пайтида эса Киевга ҳужум қилиши мумкин. 

Марказий разведка бошқармаси ва америкалик ҳарбийлар, Der Spiegel нашрига кўра, Россия келаси чоршанба, 16 февраль куниёқ бостириб киришни бошлаши мумкинлиги ҳақида НАТО давлатларини хабардор қилган. 

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова ўзининг телеграм каналида АҚШ расмийларининг баёнотини «жазавага тушиш» деб атади. «Англо-саксларга уруш керак», деди у. 

Мавзуга оид