Абдулла Қодирий боғида 64та дарахт кўчирилди, яна бир боғнинг тақдири номаълум
ТТЗдаги боғ хавф остида бўлиши мумкин, ҳокимлик ҳамон масалага аниқлик киритмаяпти. Айни пайтда, Абдулла Қодирий боғининг сотиб юборилган қисмида ўнлаб дарахтлар кўчириб ўтказилган, бу эса навбатдаги хавотирли саволларни уйғотмоқда.
“Абгор манзиллар” лойиҳаси доирасида ёритилган турли манзилларда воқеалар қандай тус олаётганига қизиқиб борамиз. Лойиҳамизнинг бу сонида биз аввалроқ ёритганимиз манзилларга бордик ва аҳвол билан танишишга қарор қилдик – хўш, камерамиз йўналтирилган ва оммага олиб чиқилган манзил-маконларда ўзгаришлар борми?
ТТЗдаги боғ ҳамон абгор аҳволда. Уни нима кутаётгани номаълум
Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани, ТТЗ мавзесидаги Ғафур Ғулом боғи шохобчасидан тайёрлаган танқидий лавҳамиз, афтидан, масъулларга етарлича таъсир қилмаган чоғи, паркда ўзгариш деярли кўрмадик. Боғ ҳудуди қисман тозаланганини айтмаганда, эски, синган чархпалаклар бўлаклари-ю чириган тўнкалар, бузилган бинолардан қолган харобалар ўз жойида. Афсуски, туман ҳокимлиги бу боғ борасида бирор баёнот бермади, Юзработ маҳалласи раиси эса боғ келгусида эко-паркка айлантирилиши ҳақида аввал ҳам айтган гапларини такрорлади.
Бу боғ нима учун бу аҳволга солиб қўйилгани, уни келгусида нима кутаётгани ҳақида Kun.uz Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига мурожаат қилганида, расмий сўров юбориш сўралган эди. Бироқ орадан қарийб икки ой вақт ўтди ҳамки, расмий сўровимизга жавоб бўлмади.
Ишқилиб, биз қўрқаётган ҳолат содир бўлмасин, яъни парк ҳудуди бирор “домқурар”га сотиб юборилмаган бўлсин. Таъбимизни хира қилган манзарани видеолавҳада томоша қилишингиз мумкин.
Қорасув канали бўйи ободонлаштирилмоқда
Кейинги манзил – Яшнобод туманидаги Қорасув канали бўйлари, “Дўстлик” боғи яқинидаги маскан бўлди. Бу ерда сув бўйидаги дарахтлар таги бетонлаб ташлангани ҳақида лавҳа тайёрлаган эдик. Кўрсатувдан кейин туман ҳокимлиги ва каналларга масъул бўлган ташкилот ходимлари зудлик билан реакция кўрсатиб, айрим дарахтлар тагини очишганига гувоҳ бўлдик.
Шунингдек, канал узра ўтган эски кўприк бузиб ташлангани ва янгиси қурилаётгани устидан чиқдик. Аввал маълумот берилганидек, каналнинг атрофини ободонлаштириш ишларининг иккинчи босқичи бошланган.
Абдулла Қодирий боғи тартибга келтирилмоқда, қурилиш бўладиган жойдан ўнлаб дарахтлар кўчирилган
Навбат Олмазор туманидаги Абдулла Қодирий номидаги боғга. Бу маконда бизнинг дилимизни хира қилган жиҳатларни кўрсатгандик, бу ҳақда гапирган, муносабат билдиргандик. Хусусан, боғнинг катта қисми инвестиция ва бизнесни рағбатлантириш ниқоби остида шаҳар ҳокимлиги томонидан сотиб юборилган, периметр бўйлаб меҳмонхоналар-у яна аллақандай бинолар қурилаётгани ҳақида маълумот берган эдик.
Боғнинг қолган қисмини ободонлаштириш ва аввалги ҳолатига қайтариш, халқ учун фойдаланишга топшириш вазифаси “Олмазор бизнес сити” дирекциясига юклатилган эди. Ташкилот ходимлари орадан ўтган вақт давомида паркда озми-кўпми ишлар қилганига гувоҳ бўлдик. Йўлаклар озода, ораста қилиб қўйилган, айрим қисмлари янгиланган, ҳудуддан чиқиндилар, синган дарахт шохлари, эски темир ва бетон бўлаклари олиб чиқиб кетилган, янги дарахтлар экилган, айрим дарахтларнинг шохлари бутаб, парвариш қилинган. Бу ишлар ҳамон давом этмоқда.
Дирекция ходими бизга баҳор мавсумида суғориш тизими буткул янгиланишини, кейинги босқичда парк ҳудудидаги иншоотлар тадбиркорларга берилишини, боғ аттракционлардан холи ҳудуд бўлишини маълум қилди. Экотизими ўлган боғга қушлар, демакки, турфа ҳашаротлар ва ҳатто ўрдаклар қайтганини кўрдик.
Худди шу боғ ҳудудидан ер сотиб олиб, қурилиш қилмоқчи бўлган хитойлик инвесторларга тегишли Wan Li номли фирма ёдингиздами? Бу фирма вакили ўз ҳудудида қурилишга тайёргарлик ишларини бошлаб, хатланган 177 туп дарахтнинг 64 тупини парк ҳудудидан бошқа ерга кўчириб ўтқазганини маълум қилди. Компания қурилиш тугагунча ҳам бирор дарахтга зиён етказилмаслиги, кўчирилган дарахтлар кўкариб кетгунча парваришланиши, шунингдек яна кўплаб манзарали кўчатлар ўтқазилишини айтмоқда.
Дарахтлар кўчириб ўтқазилгани масаласида бизда бир нечта саволлар пайдо бўлди. Ўзбекистон шароитида кўчириб ўтқазилган дарахтларнинг яшаб кетиши эҳтимоли қанчалик? Агар яшаб кетмаса ва қуриб қолса, бунинг учун жавобгарлик белгилашнинг ҳуқуқий механизми борми? Умуман, дарахт кўчириш – дарахт кесишга қўйилган мораторийни айланиб ўтиш воситасига айланиб қолмайдими?
Биз эътибордан четда қолаётган манзиллар, жумладан, ТТЗдаги боғ ва Абдулла Қодирий боғидаги ҳолат бўйича масъуллардан жавоб кутамиз. “Абгор манзиллар” ижодкорлари ўзлари ёритган манзилларга такрор ва такрор боришдан чарчамайди. Токи яхши томонга ўзгаришлар бўлсин!
Бобур Акмалов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Азимжон Воҳидов
Мавзуга оид
21:43 / 21.11.2024
Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда
19:18 / 21.11.2024
Тошкентнинг иккита кўчасида ҳаракат 19 кунга чекланади
17:26 / 21.11.2024
Тошкентда иситиш қувурида авария юз берди
15:44 / 21.11.2024