07:59 / 15.02.2022
33627

Лицейларга мактаб ўқувчиларини танлаб олиш тартиби эълон қилинди

“Академик лицейларга умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчиларини танлаб олиш, ўқишга қабул қилиш, ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлатиш тартиби тўғрисида”ги низом лойиҳаси эълон қилинди.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб академик лицейларга ўқувчиларни танлаб олиш, мазкур низомга мувофиқ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Давлат тест маркази билан биргаликда қуйидаги босқичларда:

ўқувчиларни танлаб олишда танловлар, мусобақалар ва ички олимпиадалар ўтказиш орқали селекция ишларини амалга ошириш;

ўқувчиларни академик лицейларга қабул қилиш бўйича саралаш имтиҳонлари тест синовлари билан биргаликда дастлабки ёзма имтиҳон асосида иқтидорли ёшларни саралаб олишнинг икки босқичли тизимида амалга оширилади.

Бунда:

  • академик лицейларга ҳужжат топширувчи абитуриентлар учун 3 тагача академик лицейнинг тиллар кесимида, мос таълим йўналишларини танлаш имкониятини бериш;
  • академик лицейларнинг белгиланган қабул квотасига нисбатан абитуриентларнинг сони 2:1 нисбатдан кам бўлганда дастлабки саралаш имтиҳонини ўтказмаслик, тенг ёки ушбу нисбатдан кўп бўлган ҳолларда дастлабки ёзма имтиҳонни ўтказиш ёки ўтказмаслик масаласини олий таълим муассасаси ваколатига бериш;
  • дастлабки ёзма имтиҳонни олий таълим муассасаси раҳбарияти билан келишиб, зарурият ва имкониятдан келиб чиққан ҳолда онлайн тарзда ўтказиш назарда тутилади.

Олий таълим муассасалари томонидан ҳар йили 1 июнга қадар умумтаълим муассасаларининг иқтидорли ўқувчиларини жалб қилиш мақсадида ўтказилган танловлар, мусобақалар ва ички олимпиадаларда 1 – 3-ўринни эгаллаган 8-9-синф ўқувчилари ушбу олий таълим муассасаси тасарруфидаги академик лицейга ўқишга киришда дастлабки ёзма имтиҳондан озод этилади.

Ушбу танловлар, мусобақалар ва ички олимпиадаларда 1 – 3-ўринни эгаллай олмаганлар ҳамда унда иштирок этмаганлар ҳам академик лицейларга ҳужжат топширишига рухсат этилади.

Академик лицейларга ўқувчиларни қабул қилиш параметрлари ҳар бир академик лицейнинг имкониятларини ҳисобга олган ҳолда тизимида академик лицейлар мавжуд бўлган вазирликлар ва идораларнинг таклифлари асосида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан шакллантирилади ҳамда ҳар йили 1 июнга қадар таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Хорижий фуқаролар академик лицейларга ўқувчиларни қабул қилиш параметрларидан ташқари, тўлов-шартнома асосида (бундан давлат гранти ажратилган ҳоллар мустасно), саралаш имтиҳонлари ва суҳбатсиз қабул қилинади.

Академик лицейларга абитуриентларни (хорижий фуқаролар бундан мустасно) рўйхатдан ўтказиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий электрон платформаси орқали ҳар йили 1 июндан 30 июнга қадар амалга оширилади.

Ўқувчиларни академик лицейларга қабул қилиш бўйича икки босқичли саралаш имтиҳонлари (тест синовлари билан биргаликда дастлабки ёзма имтиҳон) амалга оширилади.

Ихтисослик хусусиятидан келиб чиқиб айрим таълим йўналишларида кириш тест синовлари ўрнига 1 тадан ортиқ бўлмаган умумтаълим фанидан ижодий имтиҳон ўтказилади.

Академик лицейларга ўқишга қабул қилинган ўқувчилар рўйхати саралаш имтиҳонлари натижаларига асосан таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан белгиланган қабул квотасига мувофиқ шакллантирилади.

Top