Ўзбекистон | 20:25 / 21.02.2022
28843
3 дақиқада ўқилади

Асакадаги фермер хўжалиги биносидан топилган 3 та жасад: тафсилотлар

Андижон вилояти Асака тумани Чек маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Асака зотли чорва” фермер хўжалиги биносида 3 кишининг жасади топилади. Тахминларга кўра, улар ис газидан заҳарланиб вафот этган.

Гувоҳларнинг таъкидлашича, 13 феврал куни иссиқхонада ишлаш учун чиққан қўшнилар тунга бориб, кабобхўрлик қилишни мақсад қилишади. Фермер хўжалиги биноси олдида кабобларни тайёрлаб, совуқ қотишгач, бино ичига исиниш мақсадида киришади. Қўлбола усулда сандал тайёрлашади ва кўмир чўғидан фойдаланишади.

14 феврал куни турмуш ўртоғи келавермаганидан хавотир олган Хадичахон ая фермер хўжалиги биносига етиб боради. Бино ичида эса турмуш ўртоғи Муҳаммадрайим Ҳакимов ва икки нафар қўшниларининг жасадини кўради.

“Ҳеч қачон кечаси бошқа жойда қолмасди. Туни билан келавермагач, тонгда олдига чиқдим. Бориб чақирдим. Ҳеч ким жавоб бермади. Эшикни тақиллатсам ҳам жимжитлик. Кейин эшикни очиб қарасам, турмуш ўртоғим ва икки нафар қўшнимизнинг жасади ётарди. Уйимизда ҳам кўмир ишлатмаганмиз умуман”, - дейди Хадичахон ая биз билан суҳбатда.

Хадичахон аянинг бақириб йиғлаганини эшитган ўша атрофдаги фуқаролар воқеа жойига келишади. Бироздан сўнг эса фавқулодда вазиятлар бўлими ва бошқа мутасаддилар етиб келади.

“Аёл кишининг йиғлаган овозини эшитиб тушдик. Қарасак, шу ерда ишлаб юрадиган уч нафар фуқаронинг жасадини кўрдик”, - дейди гувоҳлардан бири.

Фавқулодда вазиятлар бўлими мутахассисининг таъкидлашича, ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ФВБ Асака туман бўлими инспектори Дадамурод Маманазаров ҳолат юзасидан изоҳ берди. Унинг таъкидлашича, “14 февраль куни тахминан соат 10:30 да Асака тумани фавқулодда вазиятлар бўлими навбатчилик қисмига ис гази билан заҳарланиш ҳолати бўйича хабар келиб тушди. Тезкор гуруҳ билан борганимизда “Чек” МФЙда жойлашган “Асака зотли чорва” фермер хўжалиги биносида 3 кишининг жасадини топдик. Марҳумларнинг вафот этганлиги юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган”.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Абдували Қурбонов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Азизбек Исмоилов

Мавзуга оид