Ўзбекистон | 09:26 / 27.05.2026
1624
2 дақиқада ўқилади

Эндиликда нобуд бўлган ҳайвонлар махсус крематорийларда ёқилади

Ўзбекистонда нобуд бўлган ҳайвонлар жасадини санитария, ветеринария ва экологик талаблар асосида йўқ қилишнинг янги тартиби ишлаб чиқилди. Лойиҳага кўра, эндиликда ўлган ҳайвонларни махсус крематорийларда юқори ҳароратда ёқиш орқали утилизация қилиш тизими жорий этилади.

Ҳужжатда белгиланишича, нобуд бўлган ҳайвон жасадларини маиший чиқиндилар контейнерларига, сув ҳавзаларига ёки бошқа белгиланмаган жойларга ташлаш ва кўмиш тақиқланади. Кремация қилиш жараёни туман ва шаҳар ободонлаштириш бўлимлари томонидан давлат ветеринария хизмати ҳамда экология органлари иштирокида амалга оширилади.

Тартибга мувофиқ, ҳайвон нобуд бўлгани аниқлангач, бу ҳақда дарҳол ветеринария ва ободонлаштириш хизматларига хабар берилиши лозим. Масъул ходимлар ҳайвон тури, ўлим сабаби ва бошқа маълумотларни қайд этиб, махсус далолатнома расмийлаштиради. Юқумли касалликка гумон қилинган ҳолатларда эса жасад алоҳида изоляция қилинади.

Шунингдек, нобуд бўлган ҳайвон жасадлари герметик ёпиладиган махсус қоп ёки контейнерларда ташилиши, вақтинча сақлаш муддати эса одатда 24 соатдан ошмаслиги белгиланмоқда. Кремация махсус ускуналарда 800–1200 даража ҳароратда амалга оширилади.

Лойиҳада эпизоотия, табиий офат ёки фавқулодда ҳолатларда ҳайвон жасадларини йўқ қилишнинг алоҳида тартиби ҳам назарда тутилган. Бундан ташқари, жараёнда иштирок этувчи ходимлар махсус ҳимоя кийимлари ва санитария воситалари билан таъминланиши шартлиги қайд этилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид