Жаҳон | 03:17 / 25.02.2022
103505
2 дақиқада ўқилади

Зеленский урушнинг биринчи кунида қанча қурбон берилганини маълум қилди

Фото: Украина Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Россия Украинага бостириб кирган биринчи кунда 137 нафар украиналик ҳалок бўлган, 316 киши яраланган. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилди.

Олдинроқ Украина Соғлиқни сақлаш вазирлиги 57 киши ҳалок бўлганини хабар қилганди. Кейинчалик яна 13 нафар украиналик чегарачи қурбон бўлгани маълум бўлди. Зеленский эса кун якуни бўйича ўтказилган чиқишида қурбонларнинг умумий сони 137 нафар бўлганини айтди.

«Россия Украинанинг барча ҳудудларига зарба берди. Биринчи кунда 137 нафар қаҳрамонларимиз ҳалок бўлди», деди Украина президенти.

Украина соғлиқни сақлаш вазири Виктор Ляшконинг айтишича, россиялик ҳарбийлар мамлакатдаги касалхоналарга зарба берган, бу эса Женева конвенциясига зид.

«Босқинчилар халқаро ҳуқуққа қарши борган ҳолда касалхоналарга зарба бермоқда. Шифокорлар урушда ўлиб кетиши эмас, беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиши керак. Касалхоналар, тез ёрдам бўлинмалари тўлиқ куч билан ишламоқда. Жасур шифокорларимиз билан фахрланаман. Биз албатта ғалаба қозонамиз. Украина, шифокорлар сен билан», деб ёзган Виктор Ляшко ўз саҳифасида.

Тунга бориб Украина ички ишлар вазири Антон Герашенко Змеиний оролидаги жангларда 13 нафар украиналик ҳарбий ҳалок бўлганини хабар қилди. Бу Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 57 киши ўлгани ҳақидаги статистикасига киритилганми йўқми – аниқ эмас. Ички ишлар вазирининг айтишича, Россия кемаси украиналик ҳарбийларга таслим бўлишни айтган, аммо улар жанг қилган. Оқибатда 13 нафар Украина аскари қурбон бўлган.

Мавзуга оид