Жаҳон | 13:20 / 10.03.2022
44946
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистон: Карим Масимовнинг уйидан 17,2 млн доллар топилган

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раисининг уйи тинтув қилинганида катта миқдорда нақд пул, қимматбаҳо соатлар, тилла қуймалар ва ноёб буюмлар аниқланган. Карим Масимов пора сифатида олгани айтилаётган 2 млн доллар хориждан қайтарилган, кўчмас мулклари ва автомобиллари хатланган; яқинларидан 5,1 млн доллар мусодара қилинган.

Карим Масимов / Фото: Deutsche Welle

Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси қўмитанинг собиқ раиси Карим Масимов устидан тергов жараёни бўйича айрим маълумотларни эълон қилди.

2016 йилгача Қозоғистон бош вазири бўлган, 2016–2022 йилларда мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитасини бошқарган Карим Масимов 2022 йил январидаги намойишлар фонида давлатга хиёнатда айбланиб қамоққа олинган эди.

Қўмита хабарига кўра, Масимов ва бошқа шахсларга нисбатан давлатга хиёнат, ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олишга тайёргарлик кўриш ва мансаб ваколатларидан четга чиқишда гумон қилиниб, жиноят иши бўйича тергов давом этмоқда. Тергов давомида Масимовнинг ҳаракатларида кўплаб коррупция белгилари ҳам аниқланган.

“Мамлакатимиз ишбилармон доиралари ва хорижий субъектлардан кўчмас мулк, қимматбаҳо совғалар, жумладан, маданий бойликларни, катта миқдордаги маблағларни ноқонуний равишда олиш ҳолатлари ҳужжатлаштирилган. Хусусан, Масимов ёпиқ шартномалардан бири бўйича МХҚ раиси лавозимида хорижий давлат вакилларидан 2 миллион АҚШ доллари миқдорида пора олгани юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу маблағларнинг Ҳонконгдан Қозоғистон Миллий банкига қайтарилиши таъминланди”, дейилади қўмита расмий сайтида эълон қилинган баёнотда.

Таъкидланишича, Карим Масимов бош вазирлик даврида бизнес тузилмаларининг биридан пойтахтда жойлашган, қиймати қарийб 2,5 миллиард тенге бўлган ҳашаматли меҳмон уйи ва ер участкаси олгани юзасидан ҳам тергов бошланган.

Қўмита маълумотига кўра, собиқ амалдор ҳибсга олинганидан сўнг 2022 йил январ ойида ушбу меҳмон уйидан 17,2 миллион АҚШ доллари миқдорида нақд пул, шунингдек, кўплаб ҳашаматли буюмлар – қимматбаҳо соатлар, тилла қуймалар, ноёб буюмлар ва бошқа кўп нарсалар олиб қўйилган.

Фото: Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси
Фото: Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси

Бундан ташқари, гумондорга тегишли 11 та қимматбаҳо бизнес-класс автомашинаси мусодара қилинган.

Шу билан бирга, Карим Масимовнинг Нур-Султондаги иккита ҳашаматли квартираси, Олмаотадаги иккита квартира ва дала ҳовли, шунингдек, Боровое курортидаги кўл бўйида жойлашган 1 гектар ер участкасига ҳибс солинган.

Фото: Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси
Фото: Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси
Фото: Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси

Қўмита баёнотида Карим Массимовнинг яқинларидан 5,1 миллион доллар мусодара қилингани, шу билан бирга, Масимов ва унинг атрофидагилар томонидан чет элга ноқонуний равишда олиб чиқиб кетилган бундан ҳам йирикроқ маблағларни қидириш, ҳибс солиш ва Қозоғистонга қайтариш бўйича ишлар олиб борилаётгани маълум қилинган. Қайд этилишича, айни пайтда мазкур фактлар бўйича фаол тергов-тезкор тадбирлари ўтказилмоқда.

Расмий ахборотга Карим Масимовдан олиб қўйилган ҳамда мусодара қилинган нақд пул ва қимматбаҳо буюмларнинг суратлари илова қилинган.

Мавзуга оид