Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияга қарши санкциялар жаҳон иқтисодиётига қандай таъсир ўтказади?
Россия ва Украина ўртасида юзага келган қуролли низо қисқа муддатда ўз ечимини топмади. Уруш ортидан Ғарб давлатлари томонидан Россияга ўта оғир санкциялар жорий қилинди. Бу эса ҳам Россия ва унга иқтисодий жиҳатдан боғланган мамлакатларда, ҳам Европа мамлакатларида жиддий муаммоларни келтириб чиқаришни бошлади.
Логистика харажатлари қимматлашади
Киритилган санкциялар сабаб авиакомпаниялар ва денгизда юк ташувчи фирмалар жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Бу асосан икки омил билан характерланади. Биринчиси, ёнилғи нархлари ошиши. Авиакомпаниялар ва денгизда юк ташувчи фирмаларда ёнилғи нархи уларнинг умумий харажатларининг учдан бир қисмини ташкил қилади. Иккинчи омил, Коллектив Ғарб давлатлари ўз ҳудудига Россия авиакомпаниялари киришини тақиқлади, ўз навбатида, Россия ҳам Европа, АҚШ ва Канада самолётларига ўз ҳаво ҳудудидан фойдаланишда чеклов жорий қилди. Бу эса қўшимча харажатларни англатади, чунки авиакомпаниялар олдингига қараганда кўпроқ масофа босиб ўтишга мажбур бўлишади. Якунда пандемиядан мисли кўрилмаган зиён кўрган авиакомпанияларга босим янада ортиши мумкин.
Темирйўлларда ҳам юк ташиш нархлари қимматлашмоқда. Европа компанияларига Россия темирйўллари орқали ҳаракатланиш тақиқланди. Бу эса Осиё ва Европа ўртасидаги Россия орқали ўтадиган транзит юк ташиш фаолиятини узиб қўяди.
Энергия ресурслари ва озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиши
Россия дунё миқёсида нефть қазиб олиш бўйича 3-ўринда, табиий газ бўйича 2-ўринда ва пўлат, никель ва алюминий қазиб олиш бўйича 5-ўринда туради. Шунингдек, дунёдаги энг йирик буғдой экспортчиси (жаҳон савдосининг деярли 20 фоизи).
Ўз навбатида, Украина маккажўхори (6-ўрин), буғдой (7-ўрин), кунгабоқар (1-ўрин) каби маҳсулотларни етиштирувчи асосий давлатлардан бири ҳисобланиб, қанд лавлаги, арпа ва соя етиштириш бўйича етакчи ўнталикка киради.
Украинага ҳужум ортидан газ, Brent маркасидаги нефть, кўмир, алюминий каби муҳим стратегик маҳсулотлар нархи рекорд даражада қимматлашди. Энергоресурслар нархи ошиши глобал иқтисодиёт учун жуда ҳам хатарли. Чунки нарх ошиши пропорционал тарзда истеъмолни камайтирмайди ва бошқа барча товар ва хизматлар баҳосига босим ўтказади.
Россия ва Украина биргаликда глобал буғдой экспортининг қарийб 30 фоизини, маккажўхори савдосининг бешдан бир қисмини, кунгабоқар ёғи экспортининг қарийб 80 фоизини ташкил қилади. Ҳар иккаласи ҳам Яқин Шарқ ва Европага буғдой етказиб берувчи асосий давлатлардир. Туркия ва Миср Россия буғдойининг энг йирик импортчилари ҳисобланади. Мутахассислар фикрича, Россияга чекловлар киритилиши сабаб етказиб бериш қийинлашиши Ливия, Яман ва Ливан каби мамлакатларда озиқ-овқат нархини янада ошириб, инқирозли вазиятни чуқурлаштириши мумкин.
Шунингдек, нефть-кимё маҳсулотлари учун хомашё ва табиий газ нархлари ошиши қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун зарур бўлган ўғитлар нархлари сезиларли даражада қимматлашишига олиб келишини прогноз қилиш мумкин.
Юқори инфляция давом этиши
Украина можароси ва санкцияларнинг иқтисодий таъсири дунё бўйлаб кўпчилик одамлар учун асосан энергия, металл ва озиқ-овқат нархлари ошиши натижасида юзага келадиган юқори инфляция кўринишида сезилади. Расмий Москвага қарши киритилган санкциялар Россия иқтисодиётини бўғишга қаратилган бўлса-да, Бельгия, Германия, Греция, Испания, Франция, Италия, Нидерландия, Австрия, Португалия ва Финландия каби давлатларни ўз ичига олган Евроҳудудни ҳам истиқболдаги қийин кунларга тайёрламоқда. Европада йиллик инфляция даражаси январь ойида 5,1 фоизни ташкил этган бўлса, февраль ойида 5,8 фоизга етди. Бу рекорд кўрсаткичдир. Бунга асосий сабаб сифатида энергоресурслар нархи юқорилиги кўрсатилмоқда. Чунки Европанинг энергияга бўлган умумий эҳтиёжининг 40 фоиздан ортиғи Россия ҳиссасига тўғри келган.
Февраль ойи якунларига кўра, АҚШда ҳам ойлик инфляция 0,8 фоизга ошиб, йиллик инфляция 7,9 фоизга етган. Бу 1982 йил январдан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир. Қўшма Штатларда ҳам инфляциянинг энг асосий омили ёнилғи нархлари ўсиши бўлиб қолмоқда.
Ўз навбатида, Ғарб мамлакатлари томонидан ҳам Россия иқтисодиётига киритилган санкциялар оғирлашиб бормоқда. Россия банклари ва давлат корпорацияларига нисбатан иқтисодий санкциялар киритилгани сабабли мамлакатнинг суверен қарзи ва марказий банки активлари ҳам чекловга тушган. Россия халқаро резервлардаги 643 млрд доллар маблағининг 150–200 млрд долларидан фойдаланиши мумкин. Бу эса рублнинг кескин равишда қадрсизланиб кетишига олиб келди. Россия Марказий банки томонидан 10 мартдан 10 сентябрга қадар резидент юридик шахслар ва хусусий тадбиркорларга ўз ҳисобварақларидан 5 минг доллардан ортиқ миқдорда нақд валюта (доллар, иена, фунт стерлинг, евро) ечиб олишга чеклов жорий қилинди.
АҚШ Россия нефти, суюлтирилган газ ва кўмирига тақиқ жорий қилди. Европа Иттифоқи Россиянинг бир қанча банкини SWIFT халқаро транзакциялар тизимидан фойдаланишини блоклаб қўйди. Шунингдек, Россия ҳудудига нақд евро ва доллар банкнотларини киритиш тақиқланди. Кўплаб Ғарб компаниялари руслар билан ишлашни тўхтатди. Баъзи компаниялар буни санкциялар ёки бизнес юритишдаги қийинчиликлар туфайли амалга оширган бўлса, бошқалари очиқчасига уришаётган мамлакат билан ишлашга тайёр эмасликларини билдиришди. Бу тақиқлар эса Россия иқтисодиётига мислсиз зиён етказмоқда ва бу яна турли салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Россияга инвестиция оқими тўхташи
Ҳисоб-китобларга кўра, 24 февралдан кейин 300 дан ортиқ бренд компаниялар Россия бозорини тарк этган. Улар Россия ички бозорида бир неча юз минглик иш ўринларини яратарди ва ҳар йили катта миқдорда инвестиция ҳам киритган. Шунингдек, ушбу ташкилотларда ишловчи россияликлар мамлакатдаги ўртача иш ҳақига қараганда анча юқори маош олишган.
Бундан ташқари, Россиянинг санкциялар гирдобида қолиши мамлакатга бир неча йиллар давомида инвесторлар киришини ўта рискли қилиб қўяди. Россия Марказий банки санкцияларга жавобан, ғарблик мижозлари пулларини музлатиб қўйди. Бу эса инвесторларнинг мулк ҳуқуқлари ҳимояланган бошқа давлатлар томон силжишига туртки бўлади.
Ҳозирги ҳолатда Туркияга сингари Россияга қарши санкция қўлламаган давлатлар вазиятдан фойдаланиб қолиши ҳам мумкин. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, дунёнинг қайсидир жойида Россия маҳсулотларига талаб пайдо бўлса, санкция қўлламаган давлат Россиядан маҳсулотни сотиб олиб, кейин уни қайта учинчи давлатга сотиш орқали фойда кўради.
Brain Drain тенденцияси
Янги илғор технологиялардан фойдаланиш кўлами кун сайин ортиб бораётган шароитда юқори малакали мутахассисларнинг мамлакат тараққиётини белгилашдаги роли жуда ҳам муҳим. Ташқи дунёдан ажратиб қўйилаётган Россияда ҳам сўнгги кунларда интеллектуал эмиграция оқими кучаймоқда. Brain Drain тенденцияси энг яхши ва истиқболли илмий кадрлар ҳисобига содир бўлишини ҳисобга олсак, бу, албатта, Россия ёки Украинанинг истиқболдаги илмий-техник хавфсизлигига таҳдидларни оширади ва мамлакатлар иқтисодиётига катта зарар келтиради. Совуқ уруш даврида ҳам СССР коммунизмидан қочган олимлар ва зиёлилар учун АҚШ ва Европанинг баъзи қисмлари асосий манзил бўлган эди. Бутун дунёда интеллектуал ресурслар учун кураш кучайган шароитда, малакали кадрлар мамлакатни тарк этиши тараққиётга мислсиз зиён келтиради.
Технология ва авиация саноатига таъсири
Россияга экспорт қилиниши тақиқланган илғор технологиялар рўйхатига яримўтказгичлар, телекоммуникация ускуналари, дастурий таъминот (шифрлаш учун), лазерлар, авиация ва космик тизимлар, нефтни қайта ишлаш машиналари кабилар ҳам киради. Жанубий Корея, Япония ва Тайван каби муҳим технологик маҳсулотлар экспортчилари ҳам санкцияларга қўшилгани инобатга олинса, бу ўрта ва узоқ муддатли истиқболда Россия иқтисодиёти технологик даражасига жиддий таъсир ўтказади.
Россия оддий чангюткичлардан тортиб ядровий қуролларгача бўлган барча турдаги технологик мураккаб маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ускуналарни хориждан импорт қилган. Саноатда ишлатиладиган булутли ҳисоблаш тизимлари, юқори унумли компьютерлар, авиация ва мудофаа технологиялари ва нефтни қайта ишлаш машиналари микропроцессорлари, контроллерлар, сенсорлар ва механик қисмларни мунтазам равишда алмаштириш ва янгилаш зарур. Ушбу технологиялар етишмаслиги нафақат Россия иқтисодиётини орқага тортади, балки узоқ муддатда мамлакатнинг ҳарбий салоҳиятини ҳам кескин заифлаштиради. Агар санкциялар сақланиб қоладиган бўлса, Россияда кўплаб ҳарбий маҳсулотларни ишлаб чиқариш имконсиз бўлиб қолиши ҳам мумкин.
Достон Аҳроров
Мавзуга оид
09:32 / 21.05.2026
Миндич Зеленский устидан судга шикоят қилди
18:39 / 23.04.2026
Қирғизистон илк марта Европа Иттифоқининг санкцияларни четлаб ўтишга қарши курашиш механизмига тушди
15:47 / 16.03.2026
Словакия Россияга қарши санкциялар бўйича блокадасини бекор қилди
21:47 / 12.03.2026