Ўзбекистон | 07:53 / 17.03.2022
10565
3 дақиқада ўқилади

Нотариуслар томонидан ундириладиган тўловларнинг миқдори ўзгарди

Фото: Shutterstock

Адлия вазири томонидан “Нотариуслар томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ундириладиган тўловларнинг максимал миқдорларига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги буйруқ имзоланди.

Ҳужжат президентнинг «Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Нодавлат нотариал фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ қабул қилинди.

Гаров (ипотека) ва лизинг шартномаларини тасдиқлаш учун ҳақ миқдори барча шахслар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизигача камайтирилди. Илгари, жисмоний шахслар учун 20 фоиз ва агар битта томон юридик шахс бўлса – базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизини ташкил қилган.

Мерос иши бўйича тушунтиришлар бериш учун тўланадиган ҳақ миқдори икки баравар кўпайди ва энди базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизини ташкил қилади.

Нотариал тасдиқланадиган ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш тартибига қуйидаги ўзгартиришлар киритилди:

  • гаров (ипотека) ва лизинг шартномалари лойиҳаларини тайёрлаш учун тўланадиган ҳақ миқдори. Жисмоний шахслар учун (ҳамда битта тараф жисмоний шахс бўлса) бу миқдор базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизини ташкил этади. Илгари, бу ҳақ икки баравар кўпроқ эди ва 30 фоизни ташкил қилар эди. Агар шартноманинг икки тарафи юридик шахслар бўлса, ҳақ миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 фоизини ташкил қилади, олдинги таҳририда бу миқдор томонлардан бири юридик шахс бўлган тақдирда қўлланилган;
  • барча шахслар (юридик ва жисмоний) учун мулкни ижарага бериш шартномаларини тайёрлаш учун ҳақ миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизини ташкил қилади. Илгари, бу миқдор шартнома тарафлари кимлигига қараб фарқланарди. Жисмоний шахслар учун – 20 фоиз, томонлардан бири юридик шахс бўлса – 50 фоиз;
  • меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома лойиҳасини тайёрлаш учун энди базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 фоизи ундирилади. Илгари, бу миқдор 20 фоизни ташкил қилган.

«Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали кўчмас мулк ёки автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги текшириш ёки бу ҳақда маълумотнома бериш (ҳар битта мулк учун) базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи ундирилади. Илгари, агар шартноманинг тарафидан бири юридик шахс бўлса, бу миқдор 25 фоизни ташкил қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид