Ўзбекистон | 14:45 / 18.03.2022
12329
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари кўпайди

2022 йил 1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг «хавфсизлик ёстиқчаси» 35,36 млрд долларни ташкил қилмоқда.

Фото: Reuters

Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро захиралари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди.

2022 йилнинг 1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 35,36 млрд долларни ташкил қилган. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2022 йил 1 феврал ҳолатига кўра, 34,42 млрд доллар бўлган. Рақамлар ўтган бир ойда Ўзбекистоннинг расмий захиралари 935 млн долларга ошганини кўрсатмоқда.

Феврал ойи давомида олтиннинг физик ҳажми сезиларли миқдорда: 11,6 млн троя унциядан 10,9 млн троя унцияга ( тахминан 21,77 тонна), қиймати эса 20,77 млрд доллардан 20,72 млрд долларга камайган. Бу жаҳон бозорида олтин нархларининг сезиларли даражада қимматлашгани билан изоҳланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 1 унция 31,1 граммга тўғри келади.

Шунингдек, захира активлари таркибидаги хорижий валюта захиралари 12,54 млрд доллардан 13,52 млрд долларга ёки 983,2 млн долларга ошган.

Захиралар мамлакатнинг «хавфсизлик ёстиқчаси» ҳам ҳисобланади – улар салбий ташқи шок ҳолатларда зарбани камайтирувчи омил сифатида зарур. Халқаро ташкилотларнинг тавсияларига кўра, ривожланаётган давлатлар учун захиралар камида 3 ойлик импортни қоплаши керак.

Маълумот учун, Ўзбекистон ялпи халқаро захиралари 2022 йил бошидан бери 221,4 млн долларга ёки 0,6 фоизга ошган. Бунда олтин нархи йил бошидаги 1799,25 доллардан 1903,3 долларгача ўсишининг таъсири 1,1 млрд долларни ташкил қилади.

Мавзуга оид