07:49 / 24.03.2022
4460

Давлат корхоналарини инвесторларга сотиш соддалаштирилди 

Фото: Depositphotos

Президент “Иқтисодиётда давлат иштирокини янада қисқартириш ва хусусийлаштиришни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Давлат активларини хусусийлаштиришда уларнинг бошланғич нархини эълон қилмаган ҳолда талабгорларни музокараларга оммавий таклиф қилиш йўли билан, шу жумладан, профессионал ташкилотларни жалб қилган ҳолда сотиш услуби жорий этилади. Бунда, профессионал ташкилотларни жалб қилиш орқали хусусийлаштириладиган давлат активлари рўйхати Давлат тендер комиссияси томонидан тасдиқланади.

Профессионал ташкилотларни жалб этган ҳолда қиймати 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган активлар бўйича инвесторларнинг таклифлари Давлат активларини бошқариш агентлиги ва бошқа давлат органлари иштирокисиз, жалб қилинадиган профессионал ташкилотлар томонидан тўғридан тўғри қабул қилинади.

Давлат тендер комиссияси қарори асосида талабгорларни музокараларга оммавий таклиф қилиш йўли билан сотиладиган давлат кўчмас мулк объектлари ёки давлат улуши бўйича инвесторлар таклифлари “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали қабул қилинади, бундан қиймати 10 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган активларни профессионал ташкилотларни жалб этган ҳолда сотиш ҳолатлари мустасно.

Халқаро нуфузга эга аудиторлик компанияларининг Ўзбекистонда фаолият юритаётган шуъба корхоналарининг баҳолаш ҳисоботлари ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказиш талаб этилмайди.

Давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли улушлар ва кўчмас мулк объектларини сотишдан ва ижарага беришдан, шунингдек, ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини сотишдан тушадиган маблағлар хусусийлаштириш ва ижарага бериш натижалари тўғрисидаги ахборотда давлат активларини хусусийлаштиришдан ва ижарасидан тушумлар сифатида инобатга олинади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий органларидан давлат кўчмас мулк объектларини улар жойлашган ер участкалари билан бирга ягона мулкий мажмуа сифатида хусусийлаштириш бўйича мурожаат келиб тушганда, ҳудуднинг шаҳарсозлик талабларидан келиб чиққан ҳолда, Қурилиш вазирлиги томонидан бир ҳафта муддатда тегишли хулоса тақдим этилади.

Давлат иштирокидаги корхоналар ва улар таркибидаги ташкилотларнинг бино, иншоотлари ёки бошқа активларини давлат органларига ўтказилиши товарни реализация қилиш бўйича айланма сифатида қаралмайди ва иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган бепул товар берилишига тенглаштирилади.

Давлат активлари бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилганда дастлабки тўлов суммаси 35 фоиздан кам бўлган ҳолатларда, қолган суммага Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида йиллик фоизлар ҳисобланади.

Давлат кўчмас мулк объектларини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган ва сотиб олиш тўловини тўлиқ амалга оширгунга қадар “тасарруф этиш ҳуқуқисиз” давлат ордери берилган тадбиркорлик субъектлари томонидан қўшилган қиймат солиғи мазкур объектларга нисбатан тасарруф этиш ҳуқуқи тўлиқ ўтгандан сўнг тўланади.

Хусусийлаштирилиши белгиланган давлат активларини, жумладан, уларнинг товар-моддий бойликлари, пул маблағлари ва бошқа мол-мулкларини улар сотилгунга қадар бутлигини сақлаш бўйича моддий жавобгар шахс этиб, уларни балансда сақловчи ташкилотлар (корхоналар)нинг биринчи раҳбарлари белгиланади. Бунда Давлат активларини бошқариш агентлигига мазкур талабнинг ижроси устидан қатъий назорат ўрнатиш юклатилади.

Top