Ўзбекистон | 11:06 / 24.03.2022
3529
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда маст эркак Nexia-2 машинасини олиб қочиб ЙТҲ содир этди

У машинани халқаро аҳамиятга эга бўлган серқатнов йўлда қарама-қарши бошқариб Damas билан тўқнашган. Сўнг воқеа жойидан қочиб кетган.

Фото: Тергов департаменти

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг хабар беришича, 2022 йил 21 март куни соат 20:30 да Нарпай туманида яшовчи 27 ёшли И.Ф. маст ҳолда туманнинг Мустақиллик маҳалласи Вористон қишлоғи ҳудудида йўл четида турган 24 ёшли Ш.О.нинг бошқарувида бўлган Nexia-2 машинасини олиб қочган.

У машинани М-37 Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши халқаро автомобил йўлига бошқариб чиқиб йўлнинг 109-километрида, қарама-қарши йўналишда бошқарган. Сўнг Damas машинаси билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган ва ҳодиса жойидан яширинган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида қонунбузар Нарпай туман ИИБ ходимлари томонидан процессуал тартибда ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Нарпай туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан И.Ф.га нисбатан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Аввалроқ Қашқадарёда маст фуқаро Damas машинасини олиб қочганди. Наманганда эса қамоқдан қочганлар киракашлик билан шуғулланаётган йигитни ҳушидан кетказиб, Cobalt машинасини олиб қочиб, уни Жиззах шаҳрида ташлаб кетишган.

Мавзуга оид