22:46 / 24.03.2022
11160

Тошкент шаҳрида март ойидаги ёғин миқдори тарихий рекордни янгилаши мумкин  

Қайд этилишича, пойтахтда март ойида ўртача ёғингарчилик миқдори одатда 70,2 мм. бўлади.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳрида март ойидаги ёғган ёғин тарихий рекордни янгилаши мумкин. Бу ҳақда Telegram’даги Гидрометеорологик илмий таҳлиллар, об-ҳаво прогнозлари, тадқиқотлар, маърузалар канали муаллифи Эркин Абдуаҳатов маълум қилди.

Унинг ёзишича, ўтган аср ҳам, ундан олдинги асрнинг охирларида ҳам Тошкентда март ойида 184 миллиметрдан кўп ёғингарчилик бўлмаган.

Тошкент шаҳрида кузатувлар 1870 йилда бошланган — 152 йилдан буён пойтахтда мунтазам, ҳеч қандай узилишларсиз метеорологик кузатувлар амалга ошмоқда.

«Ёши катталар жуда яхши эслашади, 1968—1969 йилнинг қиш мавсуми Ўзбекистонда жуда совуқ ва кўп қорли бўлган. Шу билан биргаликда 1969 йил март ойида ёғинлар ҳам фавқулодда кўп ёғган. Бир ой давомида умумий ёғин 184 миллиметр бўлган. Бу пойтахтда баҳор мавсуми бошидаги ой учун кузатувлар тарихида энг кўп ёғин ёғган кўрсатгичдир», дейди мутахассис.

Таъкидланишича, март ойида ўртача ёғингарчилик ой давомида 70,2 миллиметр ёғади. Ҳозирнинг ўзида пойтахтда 168 миллиметр ёғин ёғиб бўлган. Бу Тошкентда бир йилда ёғиши керак бўлган ёғиннинг 37 фоизидир. Ойдаги меъёрий ўртача қийматнинг эса 240 фоизи.

«Ўзгидромет» томонидан ёғинлар пойтахтда 25 мартга ўтар кечаси, 26 ва 27 март кунлари ёғиши прогноз қилинмоқда. Ишончли иқлим моделлари бу давр учун пойтахтда яна умумий 16 миллиметрга яқин ёғин ёғишини прогноз қилган. «Балки, ушбу ой охирида пойтахтда тарихий рекорд ёғингарчилик кузатилишига гувоҳ бўлармиз», дея қайд этади у.

  • Ўзбекистонда март ойи бошларидан буён ёмғирли об-ҳаво давом этмоқда. «Ўзгидромет» ҳафта охирида кучли ёғингарчилик оқибатида сел келиш хавфидан огоҳлантирган.
  • Эслатиб ўтамиз, Гидрометеорология хизмати маркази 17 март куни Ўзбекистонда 2022 йил март ойи учун илгари кузатилмаган даражада ёмғир ёғгани ҳақида маълум қилганди. Март ойи бошлангандан бери республиканинг тоғли ва тоғолди ҳудудларида ёғингарчилик одатдагидан 2-3 марта кўп бўлган. Тошкентда деярли 2 ойлик миқдорда ёғингарчилик ёғган. 
Top