Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Финландия яқин орада НАТОга киришга ариза бериши мумкин
Финландия собиқ бош вазири Александр Стубб фикрига кўра, Финландиянинг НАТОга аъзо бўлиш учун ариза бериши бир неча ой ичида ҳал этилади. Собиқ бош вазир сўзларига қараганда, сўнгги пайтларда бу борадаги жамоатчилик фикри кескин ўзгарган.
Ҳозирда нейтрал мақомда бўлган Финландия яқин орада Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш учун ариза бериши мумкин. Бу ҳақда мамлакат собиқ бош вазири Александр Стубб 24 март, пайшанба куни DW’га берган интервьюсида айтди.
«Менинг тахминларимга кўра, Финландия НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беради», деди у. Вазирлар маҳкамаси собиқ раҳбарининг сўзларига кўра, бу, катта эҳтимол билан, бир неча кун ва ҳафталарда эмас, балки «бир неча ой»да содир бўлади.
Стуббнинг сўзларига кўра, Россия ва Украина ўртасидаги можаро фонида Финландияда жамоатчилик кайфиятида туб ўзгаришлар юз берди. Агар аввалроқ респондентларнинг 50 фоизи қўшилишга қарши бўлиб, 20 фоизи ёқлаган бўлса, ҳозир 62 фоизи ёқлаб, 16 фоизи қарши чиқмоқда, деди у.
Собиқ бош вазирнинг эслатишича, бундай қарор қабул қилиш учун масала парламентдан ўтиши керак. «Охир-оқибат биз НАТОга аъзо бўламиз», - деди у.
Александр Стубб 1995 йилдан бери бундай сценарий тарафдори бўлганини ва ўша пайтда озчилик томонида бўлганини эслади. «Аммо ҳозир менимча, аҳолимиз ҳақли равишда мен мантиқий қўрқув деб атайдиган нарсага таянмоқда», деди у. Собиқ бош вазирнинг сўзларига кўра, мамлакат 1939-1940 йиллардаги совет-фин уруши даврида бўлгани каби яна «ёлғиз қолишни» истамайди. «Шунинг учун аҳоли НАТОга аъзо бўлиш тарафдори», - дея хулоса қилди у.
Финландия Россиядан 1300 км узунликдаги чегара билан ажралиб туради. «Ҳар қандай ҳолатда ҳам НАТО бошқа давлатларга нисбатан «очиқ эшиклар» сиёсатини олиб бораётганидан хурсандмиз. Финландияда НАТОга аъзо бўлиш имконияти бор ва биз бунга техник жиҳатдан тайёрмиз», деганди февраль ойида ташқи ишлар вазири Пекка Ҳаависто.
Мавзуга оид
09:45 / 27.06.2026
Финландия ядровий қуролга оид тақиқни бекор қилди
10:15 / 08.06.2026
Ўзбекистон НАТО шерик давлатлари кунида иштирок этди
22:20 / 06.06.2026
НАТО Украинага 70 млрд евролик ҳарбий ёрдам ажратиш масаласини муҳокама қилмоқда – ОАВ
08:35 / 03.06.2026