Ўзбекистон | 19:15 / 28.03.2022
16859
3 дақиқада ўқилади

Президент апрель тиббиёт муассасалари учун синов ойи бўлишини айтди

Шавкат Мирзиёев вазир, раҳбар ва ҳокимлар ўзларининг ойма-ой режасини ишлаб чиқишини маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёевнинг 28 март кунги соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан ўтказилган очиқ мулоқотда белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари ҳамда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар қилди.

Қайд этилишича, йиғилишда тиббиёт соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотда берилган топшириқлар ижросини апрель ойида ташкил этиш топшириғи берилган. Давлат раҳбари алоҳида фармойиш имзоланиб, 7 та йўналишдаги 50 та тадбир ва уларнинг ҳар бири учун масъуллар белгиланганини таъкидлаган.

«Халқимизга айтган ҳамма ташаббусларимиз бўйича қарорлар тез кунларда қабул қилинади. Лекин амалий ижрони бир кун ҳам кечиктириб бўлмайди. Шунинг учун, бир ойлик амалий иш тизимига ўтамиз. Вазир, ихтисослашган марказ раҳбарлари ва ҳокимлар ўзларининг ойма-ой режасини ишлаб чиқиб, амалга оширади. Ушбу раҳбарларнинг апрель ойи учун иш режалари билан танишиб чиқдим.

Қорақалпоғистон, Андижон, Сурхондарё ҳамда Кардиология ва Хирургия марказлари масаланинг сал бўлса ҳам ичига кирган. Лекин қолган марказларнинг ҳам, ҳудудларнинг ҳам иш режаси «шаблон» кўринишида. Бирортаси туман даражасида нима иш қилишини олдига вазифа қилиб қўймаган», дейди президент.

Йиғилишда президент ҳудудлардаги тиббиёт марказларини танқид қилди.

«Мисол учун, Урология ва Онкология марказлари апрель ойида вилоятларда бор-йўғи 5 тадан, Акушерлик ва гинекология маркази эса 15 та юқори технологик операция ўтказишни режа қилган. Кўз микрохирургияси маркази ходимлари ҳар ойда жойига чиқиб 50 тадан операция ўтказгани билан, апрелда ҳудудга борганда атиги 3 нафар мутахассиснинг малакасини оширмоқчи. Барча марказлар раҳбарларини қатъий огоҳлантираман. Агар:

  • ўзи бошчилигида жойларга чиқиб, янги даволаш амалиётларини ўтказмаса;
  • юқори технологик операцияларни ҳудудларда жорий этмаса;
  • вилоят ва туман мутахассисларини бунга ўргатмаса, ўзгариш бўлмайди. Одамлар сарсон бўлиб, пойтахтга келаверади», деган президент.

Шу боис апрель марказлар раҳбарлари учун чинакам синов ойи бўлиши, масаланинг моҳиятига кириб, ўз иш фаолиятини ўзгартирмаган раҳбарларга қатъий чоралар кўрилиши кўрсатиб ўтилган.

Мавзуга оид