Жаҳон | 17:49 / 30.03.2022
14759
2 дақиқада ўқилади

Россияда газдан бошқа маҳсулотларни ҳам рублга экспорт қилиш таклиф этилди

Вячеслав Володиннинг сўзларига кўра, Европа мамлакатларида "тўловни рублда амалга ошириш учун барча имкониятлар бор".

Фото: ТАСС

Россия давлат думаси спикери Вячеслав Володин Россия валютасига экспорт қилинадиган маҳсулотлар рўйхатини кенгайтиришга чақирди.

У нафақат газ, балки ўғитлар, буғдой, нефт, кўмир, металлар ва ёғоч маҳсулотларини ҳам рубл эвазига экспорт қилиш таклифи билан чиқди.

Володиннинг сўзларига кўра, Европа мамлакатларида "тўловни рублда амалга ошириш учун барча имкониятлар бор".

"Аввалроқ ўйлаш керак эди. Улар доллар ва еврога ишонч сусайиши, Россия ўзаро ҳисоб-китобларда бу валюталардан воз кечиши учун барчасини қилишди. Газ олмоқчи бўлсангиз – рубл топинг", - деди у.

Аввалроқ Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам шунга ўхшаш баёнот билан чиққан, ЕИнинг газ учун рублда тўлов қилишни рад этганига жавобан "Тўлов бўлмаса – газ ҳам бўлмайди" деганди.

Россия президенти Владимир Путин 23 март куни Россия газининг “дўстона бўлмаган давлатлар”га экспорти учун тўлов рублда амалга оширилишини маълум қилганди.

Германия энергетика вазири Петер Алтмайер G7 мамлакатлари Россия гази учун рублда пул тўлаш талабини рад этишини билдирди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид