Ўзбекистон | 11:37 / 30.03.2022
6845
2 дақиқада ўқилади

Терговда қийноққа солинган шахсларга зарарни давлат тўлаб бериши белгиланди

Президент томонидан 29 март куни имзоланган қонун билан Фуқаролик кодексига қўшимча киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Фото: Getty Images

Қўшимчага кўра, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суд томонидан шахсга нисбатан ҳар қандай қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган зарар давлат томонидан тўла ҳажмда қоплаб берилади.

17 март куни Сенатда Ўзбекистонда қийноққа солишдан жабрланганларга товон пули тўлаш тизими жорий этилишига доир қонун маъқулланганди.

Қонунга кўра, қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилиши ҳамда уларга етказилган зарар компенсация қилинишини таъминлаш, бунда қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган жисмоний ва руҳий зарар, моддий зарар ёки бой берилган фойда, юридик ёрдам, дори воситалари ва тиббий хизмат, психологик ва ижтимоий хизматлар учун қилинган харажатлар тўлаб берилиши кўзда тутилган.

Қонун лойиҳаси 2021 йилда Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилинган эди

Ўшанда Фуқаролик кодекси терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суднинг қонунга хилоф ҳаракатлари туфайли етказилган зарар учун жавобгарликни белгиловчи 991-моддасига қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган зарар учун жавобгарлик киритилиши, 1021-моддаси иккинчи қисмига, яъни маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар қопланиши лозим бўлган ҳолатларга қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш жинояти натижасида етказилган зарарни ҳам киритиш таклиф этилаётгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид