Жаҳон | 09:17 / 18.04.2022
34809
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Украинага қурол етказиб беришдаги кечикишларни танқид қилди 

Киев қурол-яроғ етказиб бериш бўйича айрим сўровларга жавобни 53 кундан бери кутмоқда – уруш айнан шунча кун давом этяпти. Бу ҳақда Володимир Зеленский айтиб ўтди.

Фото: dailmaily

Украина президенти Владимир Зеленский 17 апрель, якшанба куни эълон қилинган видеомурожаатида «қуролнинг ҳар бир кечикиши, ҳар бир сиёсий кечикиш - бу Россиянинг украиналиклар ҳаётига зомин бўлишига рухсат», дея маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ғарбдаги ҳамкорларга сўровларининг айрим бандлари бўйича Киев 53 кундан бери жавоб кутмоқда – Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари айнан шунча кун давом этяпти. «Баъзи жавоблар шундай тузилганки, етказиб бериш фақат май ойида бошланиши мумкин», - дея қўшимча қилди Зеленский.

Унинг айтишича, Россия қўшинлари ҳозирда Харковни ўққа тутишда давом этмоқда ва у буни «онгли террор» деб атади. Украина президенти сўзларига кўра, сўнгги тўрт куннинг ўзида шаҳарда 100 дан ортиқ одам жароҳатланган, 20 га яқин киши ҳалок бўлган.

Украинага оғир қурол-яроғ етказиб бериш Германияни уруш иштирокчисига айлантира олмайди, сабаби Украина Россияга қарши қонуний мудофаа урушини олиб бормоқда.Бу ҳақда 16 апрель куни Германия адлия вазири Марко Бушман маълум қилди. 

Эртаси куни Германия мудофаа вазири Кристин Ламбрехт Украина армиясига навбатдаги қурол партиясини етказиб беришни маъқуллагани маълум бўлди. Гап ГДР Миллий халқ армиясининг ҳарбий захираларидан 58 та зирҳли техника ҳақида бормоқда. Ҳозирда улар Чехия компаниясига тегишли ва Украинага сотилиши мумкин.

Мавзуга оид