Масжидул Ақсода яна мусулмонлар ўққа тутилди. Бу нега такрорланаверади?
Қуддусдаги ислом олами учун муқаддас бўлган Ал Ақсо масжиди атрофида яна тартибсизликлар кузатилмоқда. Одатда рамазон ойида бўладиган воқеалар яна такрорланди. Исроил полицияси жума куни масжидга бостириб кирди.

15 апрел, жума куни Исроил полицияси гўёки масжид ичида норозилик учун тўпланган тошларни олиб чиқиш учун ичкарига кирганини иддао қилган. Исроил ташқи ишлар вазирлиги аввалига полиция ичкарига кирганини бутунлай рад этди, ваҳоланки буни исботловчи юзлаб видеолар интернетда тарқалди, кейинчалик эса Исроил полиция масжид ҳудудига киришга «мажбур бўлганини» маълум қилди.
Ҳолатга биринчи бўлиб одатдагидек Иордания ҳукумати муносабат билдирди. Иордания ташқи ишлар вазири Айман ас-Сафодий Исроил Ақсо масжиди ҳудудидан махсус кучларини тезда олиб чиқиб кетишини талаб қилди. У рамазон ойида мусулмонлар ўзлари учун муқаддас бўлган қадамжода бемалол ибодатларини амалга оширишлари кераклигини таъкидлади. Сафодий Иордания ҳудуддаги барча провокацион ҳаракатлар тўхтатилишига эришишини ҳам айтди.
Илк норозиликларда 150 дан ортиқ фаластинлик мусулмон яраланди, 400 га яқин фаластинлик қўлга олинди. Полиция ислом олами учун муқаддас бўлган масжид ичигача кириб, деразаларни синдирди, одамларга куч ишлатди.
Якшанба куни Исроил полицияси Қуддуcнинг яҳудийлар Эски шаҳар деб атайдиган ҳудудига киргач, яна тўқнашувлар содир бўлди. Исроил полицияси резина ва кўздан ёш чиқарувчи ўқ ишлатди. Фаластинликлар эса одатий «қуроллари» тошдан фойдаланишди. Тўқнашувларда ўнлаб фаластинликлар яраланди. Исроил полицияси бу ҳаракатини «муқаддас ҳудудни яҳудийлар кириши учун хавфсиз қилиш» деб атади. Ақсо масжиди жойлашган майдонда яҳудийлар ҳам муқаддас деб қабул қилган қадамжо бор. Ўтган йил рамазонда худди шу кўринишдан низолар Ғазода 11 кунлик урушга айланиб кетганди.
Масжидул Ақсо нега мўминлар учун муқаддас?
Мусулмон олами учун Қуддусдаги Ал Ақсо масжиди алоҳида аҳамият касб этади. Ислом таълимотига кўра, охирзамон пайғамбари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам Меърожга (яъни арши аълога) фаришта Жаброил алайҳиссалом билан бирга айнан Ақсо масжидидан кўтарилганлар. Ақсо Маккадаги Масжидул Ҳаром ва Мадинадаги Масжидул Набавийдан кейин ислом оламида энг муқаддас даргоҳ сифатида эътироф этилади. Ислом умматининг биринчи қибласи бўлмиш Ақсо масжиди учта диннинг ватани бўлган муқаддас Қуддус шаҳрининг айни дамда Исроил назоратига ўтиб қолган ҳудудида жойлашган.
Масжидул Ақсо жойлашган майдонда яҳудийлар Йиғи девори деб атаб эътиқод қиладиган жой ҳам бор. Яҳудийлар ўзлари муқаддас деб атайдиган ушбу майдонга бемалол киради, аммо мусулмонлар кўпинча муаммога дуч келишади. Айниқса рамазон ойида.
Исроил полициясининг иддаосича, охирги тўқнашувда мусулмонлар масжид ичига тош олиб кирган ва бу майдонга борадиган яҳудийлар учун хавф туғдирган. Фаластин президенти матбуот котиби Набил Абу Рденаҳ Исроил полициясининг ҳаракатларини босқин деб атади.
Воқеа гувоҳлари эълон қилган видеоларда кўриш мумкинки, Исроил полицияси мусулмонларни резина таёқ билан калтаклаган. Видеоларда қари одамлар, ҳаттоки ногиронлар калтакланаётганини кўриш мумкин. Исроиллик полиция учун жавобгар вазир Омар Барлев диний эркинлик муҳим эканини таъкидлади, аммо «зўравонлик бор жойда компромиссга борилмаслигини» айтди.
Полиция мусулмонларни Ақсо масжидидан ҳайдаб чиқараётганда ўнлаб ёш йигитлар ичкарида қолиб қаршилик қилган. Исроил полицияси эса уларга қарата резина ўқ, кўздан ёш чиқарувчи граната отган.
Тарихан Фаластинга тегишли бўлган ва яҳудийлар Ибодат тоғи деб атайдиган ҳудудга яҳудийларнинг киришига рухсат берилган, лекин ибодат қилишига эмас. Бу чекловга қарамай, исроиллик яҳудийлар тез-тез Исроил полицияси қуршовида ибодат қилишга боришади. Фаластинликлар эса буни провокация деб қабул қилишади.
Фаластин томони исроилликлар майдонга фавқулодда кўпчилик бўлиб ташриф буюришидан хавотирга тушади. Уларнинг қўрқишича, Исроил Ақсо жойлашган ҳудудни ҳам тортиб олиши ёки бўлишни таклиф қилиб қолиши мумкин. Бир гуруҳ Исроил яҳудийлари одамларни Ақсо масжиди жойлашган майдонга яҳудийларнинг диний байрами арафасида ҳайвонларни қурбонлик қилишга чақириб, бу учун пул ҳам таклиф қилган. Исроил полицияси бу ҳаракатларга йўл қўймаслик устида ишлаётгани айтилди, лекин фаластинликлар орасида бу чақирув кенг тарқалишга улгурди. Табиийки, бу ҳам мусулмонлар орасида норозиликни кучайтирди. Исроил полицияси эса фаластинликларни нотўғри маълумот тарқатишда айблаган.
Яна ракеталар отилди
Тартибсизликлардан кейин Фаластиндаги ҲАМАС ҳаракати Исроил томонга ракеталар учирди. Исроил томони ракеталар ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ёрдамида уриб туширилганини маълум қилди. Кейинчалик Исроил ҲАМАСнинг ракеталарига жавобан Ғазо секторига ракета учирди. Ракеталар қурол-яроғ омборлари томонга учирилгани айтилди. Фаластин Россияда ишлаб чиқарилган «Стрела» ракетасидан фойдаланди.
Нега можаро тинчимайди?
Дунёда ўнлаб можаролар борки, уларни айни дамда ҳам фаол фазада дейиш мумкин. Биттаси бутун бошли урушга ҳам айланиб кетди. Аммо Исроил – Фаластин можароси бошқаларидан доимий «қайнаб туриши» билан фарқ қилади. Биринчидан, ҳудуддаги деярли ҳамма бир-бири билан совуқ алоқада. Иккинчидан, тортишувли ҳудуд ҳақиқий уруш оқибатида тортиб олинган.
Муаммо илдизи биринчи жаҳон урушига бориб тақалади. Ўшанда Британия гўёки халқаро ҳамжамият сўрови билан Фаластинда яҳудийлар учун бошпаналар беришни ташкил этишга киришди. У вақтда ҳудудда асосан араблар ва кам сонли яҳудийлар яшаган. Яҳудийларга «миллий уй» бериш ҳақида гаплар пайдо бўлгач, арабларда норозилик кучайди. Ўтган асрнинг 40-йилларига бориб эса Фаластиндаги ерларни ота-боболарига тегишли деб ҳисоблаган яҳудийлар ёппасига кўчиб кела бошлади. Уларнинг аксари Европадаги қатағонлар ва Иккинчи жаҳон уруши вақтидаги ҳолокостдан қочиб борганди.
1948 йилда эса БМТ шофелигида дунё харитасида Исроил деган давлат пайдо бўлди. Ўша йили май ойида Исроил Британиядан ажралиб чиққан мустақил давлат бўлганини эълон қилди. Ваҳоланки араблар ҳудуд иккига бўлиниб, араб ва яҳудий давлати тузилишига қарши бўлган, ҳозиргача буни қўлламайди. БМТ уч диннинг ватани бўлмиш Қуддус халқаро статусдаги шаҳарга айланишини эълон қилганди, аммо ташкилотнинг жуда кўп ҳужжатлари каби бу ҳам амал қилмади. Охирзамон пайғамбари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам арши аълога кўтарилган манзиллари эканига имон келтирадиганлар Масжидул Ақсога мана икки асрдирки бемалол кира олишмайди.
Гап маҳаллий араб мусулмонларнинг муқаддас масжидга кира олмаслиги ҳақида кетмоқда. Дунёнинг бошқа давлатида яшовчи мусулмонлар у ерга бориб зиёрат қилишлари-ку жуда қийин иш. Ақсога бориш қийинлигидан кўпчилик VII аср охирида бунёд этилган Қуббат ас-Саҳро масжидини Расулуллоҳ (с.а.в) Меърожга кўтарилганлари Ақсо масжиди деб ўйлашади. Тобеинлардан бири бош бўлиб бунёд этилган бу масжид гумбази қуёшранг бўлиб, Қуръонда муқаддас ер деб эътироф этилган Қуддусдаги Ақсо масжиди жойлашган майдонда яққол кўзга ташланиб туради. Интернетда ҳам ҳар қандай тилда Ақсо масжидини сўраб қидирув берилса, кўпинча айнан Қуббат ас-Саҳронинг суратлари кўзга ташланади.
Исроил мустақиллик эълон қилгач, қўшни араб давлатлари ҳам қўшин киритиб, мамлакатда уруш бошланди. Аммо кутилганидек Фаластинни қўллаш кўринмади. Ҳамма ўз майдонини кенгайтириш пайига тушди. Ўт очиш режими тўхтатилганига қадар Исроил катта ҳудудни босиб олди, Иордания Ғарбий қирғоқни, Миср Ғазони эгаллади. БМТ халқаро шаҳар бўлиб қолишини эълон қилган Қуддус ҳам иккига бўлинди. Ярмида Исроил, ярмида Иордания аскарлари назорат ўрнатди.
Олти кунлик уруш
1967 йилда эса машҳур олти кунлик уруш содир бўлади. Ўша йилнинг 5-10 июн кунлари бўлиб ўтган жангда Исроил Миср, Сурия, Иордания, Ироқдан иборат араб коалициясига қарши жанг қилиб, ўз ҳудудидан 3,5 баравар катта ерларни эгаллаб олади. 1967 йил тонгида Исроил қирувчи самолётлари араб коалициясини яксон қилиб, бугун расман ўзиники қилиб олган ҳудудларни 6 кун ичида эгаллайди. Бу урушда Сурия Жўлон тепалигини, Миср Синай яримороли ва Ғазо секторини, Иордания эса Иордан дарёсининг ғарбий соҳилини бой беради. Айнан шу урушдан сўнг Исроил Қуддуснинг эгаси эканини айта бошлаб, чегараларини шаҳар ҳудудидан белгилайди.
1980 йилда Исроил Қуддусни ўзининг ажралмас бўлаги деб эълон қилди. Бугун эса Иккинчи жаҳон урушигача умуман мавжуд бўлмаган Исроил давлати мусулмонлар 16 асрдан буён муқаддас ҳисоблайдиган Қуддуси шарифни яҳудий давлат пойтахт деб билади. Бу ҳаракатларни биринчилардан бўлиб дастаклаган АҚШ ҳатто ўз элчихонасини шу шаҳарга кўчирди. Ўтган йилги мусулмонларга қарши зўравонликка кўз юмган Жо Байден конгрессдаги мусулмон ва мусулмонларга бефарқ бўлмаган сиёсатчиларнинг кескин танқидларига ҳам сабаб бўлди.
Халқаро воқеаларда ўзини халқаро полиция ролида ҳис қиладиган Америка айнан Қуддус атрофидаги зўравонликларга доимий кўз юмиши мамлакатдаги асосий капитал яҳудийларнинг қўлида айланиши ва «чуқур давлат» ҳақидаги миш-мишларга яна йўл очади.
Қуддус атрофидаги можаро тинчимаслигига яна бир сабаб шуки, Исроил ҳеч кимнинг бу борадаги қарашларини тан олмайди, Фаластинни эса амалда ҳеч ким қўлламайди. На мусулмон давлатлар ва на БМТ. Мусулмон давлатлар ошиб борса икки қатор баёнот билан кифояланади, жуда раҳми келса, гуманитар ёрдам юбориши мумкин. Масалан, Арабистон яриморолидаги давлатлар бугун Қуддусдаги тўқнашувларда фаластинлик мусулмонлар ҳалок бўлганидан афсусдалигини билдириб қўйиб, эртага Исроил билан стратегик шериклик бўйича келишувга эришиши, ўзаро парвозларни амалга ошириши одатий ҳолга айланди.
Қўшни давлатлар бу можаронинг энг бошидан буён ер дардида бўлиб келган. Фақатгина Иорданиядан дадил чиқишлар бўлиб туради. Халқаро можароларни бартараф этиш учун тузилган БМТ эса қанчалик кучсиз ташкилот экани Яқин Шарқдаги ушбу муаммода бот-бот кўринаверади.
Қуддусга томон силжиш
Қуръонда номи эътироф этилган 5 муқаддас шаҳардан бири бўлмиш Қуддусда охирги йилларда Исроил томонидан кўплаб уйлар қурилмоқда. Ортда қолган 50 йилда Қуддусда Исроил томонидан тинимсиз уйлар қурилди ва ҳозирги мамлакатнинг 700 мингга яқин фуқароси айнан шу ерда яшайди. Ўтган йилги урушга айланиб кетган можаронинг сабаби ҳам айнан уй масаласи билан боғлиқ эди. Исроил олий суди 70 та фаластинлик оиласини Қуддусдан кўчириш масаласини кўриб чиқишини маълум қилгач, норозиликлар бошланиб кетганди.
Можаро тинчимаслигининг энг асосий сабаби шуки, фаластинликлар тарихан ўзига тегишли бўлган, бугун эса шунчаки кириб-чиқишда ҳам муаммога учраётган ҳудуд ўнлаб давлатлар ўртасида мавжуд бўлган келишилмаган чегара қисми эмас. Гап жуда муқаддас қарашлар, эътиқод ва Ислом олами учун қадрли бўлган ҳудуд ҳақида кетмоқда. Ҳозирча эса дунёда бу миллиардларга дахлдор муаммони тинч йўл билан ҳал қила оладиган дипломатик куч кўринмаяпти.
Ўткир Жалолхонов
Тавсия этамиз
Қайси тоифадаги талабалардан ўқишни тугатгунча гранти олиб қўйилмайди?
Ўзбекистон | 11:26 / 07.06.2025
Миллий жамоа аъзоларига BYD автомобиллари топширилади
Спорт | 16:14 / 06.06.2025
Трамп ва Маск очиқчасига уришиб кетди
Жаҳон | 12:05 / 06.06.2025
Янги Тошкент қанақа бўлади? Бош архитектор ва масъул шаҳарсоз билан суҳбат
Ўзбекистон | 17:07 / 05.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Россия Харкив бўйлаб уруш давридаги энг йирик зарбани йўллади
Жаҳон | 12:54
-
Тошкентдаги маҳалла ичида 5 қаватли меҳмонхона қурилиши мумкин. Аҳоли бунга қарши чиқмоқда
Жамият | 12:30
-
ЖЧ саралаши: Англияда юз фоизлик кўрсаткич, Албания ва Сербия баҳсида яна можаро
Спорт | 11:55
-
Орзудаги мундиал йўлланмаси ва қонун устуворлигида пасайиш — ҳафта дайжести
Ўзбекистон | 10:21
Мавзуга оид

11:35 / 07.06.2025
Ҳали Фаластинда ҳам имкон бор. Осиё саралашидаги интригалар

15:21 / 06.06.2025
Германияда фаоллар Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатишни талаб қилди

15:00 / 05.06.2025
Испания Исроил билан ракеталар етказиб бериш бўйича шартномани тўхтатди

14:25 / 05.06.2025