Ўзбекистон | 07:55 / 24.04.2022
47549
12 дақиқада ўқилади

Қурғоқчилик хавотири: 2022 йилги ёз қандай бўлади? — Эксперт билан суҳбат

Марказий Осиёда асосий сув захираси қор ва муз ҳолида шаклланади. Қишда қорнинг йилдан йилга кам ёғиши эса сув тақчиллигига олиб келади. Ўзбекистон ана шу янги шароитларга мослашиши керак, дейди сув ресурслари бўйича халқаро эксперт Аброр Ғафуров. У бу йил ёздаги сув миқдори бўйича прогнозлар ҳақида ҳам маълумот берди.

Аброр Ғафуров – Германия Ер тадқиқотлари марказининг “Марказий Осиёда сув” лойиҳаси раҳбари, Берлиндаги Ҳумболдт университети доценти. Эксперт Kun.uz билан суҳбатда Ўзбекистоннинг асосий сув ресурслари, иқлим ўзгаришлари сабаб уларнинг камайиб бораётгани, 2022 йил ёзда бизни кутаётган вазият ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистоннинг асосий сув манбалари

Ўзбекистонга сув Амударё, Сирдарё ва Зарафшон дарёлари орқали келади. Амударё ва Сирдарё, асосан, Тян-шан ва Помир тоғларидаги қор ва музликлар эриши эвазига тўйинади. Қор мавсумий бўлиб, март ойидан июн-июл ойигача эрийди ва дарё суви тўлишига ўз ҳиссасини қўшади. Қор эриб бўлгач музликлар эрий бошлаб, асосан, август ойида дарёлар музлик суви билан тўйинади.

Қор ва музликлар – асосий сув манбаси дейиш мумкин. Йиллик ҳисобда тахминан 50-60 фоиз сув қорлар эриши орқали, 20 фоиз сув эса музликлар эриши ҳисобига шаклланади.

Қор кам ёғаверса, сув камайиб кетадими?

Иқлим ўзгаришининг Ўрта Осиёга таъсири салбий. Минтақанинг асосий сув манбаси – қор ва музликлар, аммо кўп қисми қор ҳисобига шаклланади. Ўрта Осиёдаги тоғлар қишда ёғган қорлар эвазига ёз фасли учун сув сақлаш функциясини ҳам бажаради. Келажакда иқлим ўзгариши сабаб ёғаётган ёғингарчилик қор кўринишида ёғмай қўйса, муаммоли вазият пайдо бўлиши мумкин. Бунда ёғингарчиликнинг асосий қисми ёмғир кўринишида туша бошлайди ва Ўрта Осиё тоғлари сувни ёз фасли учун сақлаш функциясини йўқотиши мумкин.

Фараз қилайлик, қишда қор эмас, ёмғир ёғса, у тоғларда захира бўлиб қолмасдан ўзига йўл излаб пастга оқиб тушади. Ва дарёларнинг қишда сувга тўйиниши содир бўлади. Бизга эса сув, асосан, ёзда керак. Шунинг учун агар келажакда иқлим исиб бораверса, тоғлардаги қор захираларини йўқотиб қўйишимиз мумкин. Музликлар ҳам йилдан йилга эриб боряпти, бу эса август ойида сув камайиб кетишига сабаб бўлади. Бу вазият келажакда реал эканини ҳисобга олиб, унга мослашишни унутмаслик лозим.

Март ойида Ўзбекистонда қарийб рекорд даражада ёмғирлар ёғди, кўплаб ҳудудларга сел келди. Ана шу сувларни захира қилиб ишлатса бўлмайдими?

Бундай ҳолатда энг яхши нарса – кераксиз вақтда келаётган сувни йиғиб олиш. Бунинг учун сув омборлари қурилади. Ўзбекистонда ҳам сув омборлари бор. Улар электр энергия ишлаб чиқаришдан ташқари қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаш функцияларига эга. Лекин сув омборлари кўпинча сув билан тўла бўлади.

Агар айтайлик, келаси 10 кун ичида худди март ойидагидек тинимсиз ёмғир ёғса, сув омборларида бу сувни ушлаб қолиш учун керакли жой захираси бўлиши керак. Агар захира бўлмаса, бу сувни ташлаб юборишга мажбур бўламиз. Сабаби сув омборларининг ўзига яраша хавфсизлик қоидалари бор, уларда меъёрдан ортиқ сув сақлаш мумкин эмас. Шуни эътиборга олган ҳолда, келаси ойда қанча сув келишини олдиндан ҳисоблаб, сув омборларини бошқариш ва иложи борича ёмғир сувини ҳам сақлаб қолиш имкониятларини топиш керак.

Масалан, Норвегия тажрибасида бунга алоҳида аҳамият берилади: улар “Тепадан тушаётган ҳар бир томчи иқтисодиётимиз учун бир доллар бўлса ҳам қўшимча фойда бўлади”, деб ҳисоблашади.

Биз ҳам сувни максимум даражада сақлаб қолиш ва унумли фойдаланиш йўлларини топишга ҳаракат қилишимиз зарур. Бунинг учун турли мақсадларни, жумладан, қишлоқ хўжалигини суғориш, электр энергия ишлаб чиқариш ва сув омборлари хавфсизлиги каби жиҳатларни ҳисобга олиб сувдан фойдаланишни оптималлаштириш керак.

Бу йил бизни қурғоқчилик кутяптими?

Бу савол – жуда актуал ва жавоб бериш осон эмас. Лекин бу йилги вазият ўзгача. Юқорида айтганимдек, Ўрта Осиёда сув шаклланиши асосан тоғларда қорлар тўпланишига боғлиқ. Биз сув захираларини аниқлаш мақсадида қор қопламлари бўйича шуғулланамиз, доимий кузатув олиб борамиз ва уни мониторинг қилиш бўйича MODSNOW ва бошқа дастурлар яратганмиз. Ҳозир бу дастурлар нафақат Ўзбекистонда, балки барча Ўрта Осиё давлатлари ва айрим Европа давлатларида ҳам ишлатилади.

MODSNOW дастуримиз орқали олаётган натижаларимизга кўра, бу йил қишда қор ачинарли даражада кам ёғди. Бироқ март ойи серсув бўлди. Март ойида ёмғирлар ортидан тоғли ҳудудларга қор ҳам ёғди, лекин кўп эмас.

Сирдарё ҳавзасида нисбатан кўп қор ёғди ва бу Сирдарё ҳавзасининг сув захиралари нисбатан кўпайишига ва шаклланишига олиб келди. Афсуски, бу ҳодиса Амударё ҳавзасида кузатилмади. Амударёда бу йилги қор тўпланиши охирги 22 йил ичида бунақа паст кўрсаткичга эга бўлмаган.

Сариқ чизиқ – шу вақтгача охирги 22 йилдаги энг кам қор қоплами кузатилган йилнинг ойлар бўйича шаклланган қор захиралари. Кўк чизиқ – шу вақтгача охирги 22 йилдаги энг кўп қор қоплами кузатилган йилнинг ойлар бўйича қор захираси. Яшил чизиқ – охирги 22 йилдаги ўртача қор захирасининг ойлар бўйича захираси. Узуқ қизил чизиқ – 2022 йилдаги қор захираси. Қизил нуқта – охирги кузатув олиб борилган кундаги қор захираси.

Шунинг учун айтиш мумкинки, бу йил ёзда ҳам сувимиз кам бўлади: Сирдарёда ҳам, Амударёда ҳам. Лекин узоқ йиллик ўртача қиймат ҳисобида Амударёда бу йил анча сув кам бўлиши кутиляпти деб хулоса қилиш мумкин.

Апрелнинг биринчи ярмида кузатилган ҳаво ҳароратининг аномал даражада исиб кетиши тоғлардаги қор захираларининг ҳам ёзда эмас, балки апрел-май ойларида эриб кетишига олиб келиш эҳтимоли катта. Бу ўз навбатида, келаётган ёз фаслида қурғоқчилик кузатилишига олиб келиши мумкин.

Амударё Ўзбекистон жанубидан бошланиб, Қашқадарё, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистонни сув билан таъминлайди. Сирдарё эса Фарғона водийсидан кириб келиб, водий вилоятлари, Тошкент вилояти, Сирдарё вилоятига, қисман Жиззах вилоятига сув беради. Самарқанд вилояти эса Зарафшондан сув ичади. Афсуски, Зарафшонда ҳам сув бу йил кўп эмас.

Қисқача айтганда, Ўзбекистоннинг шарқий қисмида сув нисбатан кўпроқ, лекин Амударё оқиб ўтадиган жанубий, ғарбий қисмида сув кам бўлади.

Аҳоли сув танқислигига қандай мослашади?

Аҳоли сув танқислиги ҳақида олдиндан хабардор бўлиши, бунга мослашиб ҳаракат қилиши керак. Бунда сув камроқ талаб қиладиган экинларни кўпроқ экиш, суғоришнинг тежамкор усулларидан фойдаланишни ўрганиш лозим. Сабаби бундан кейин сув камайиб боради. Ҳар 3-4 йилда бир қаттиқ қурғоқчилик бўлиб, деҳқон зарар кўрса, бу ёмон. Шунинг учун олдиндан сув захираларини кузатиб бориш ва унга мослашган ҳолда сувдан фойдаланиш муҳим.

Айни пайтда ҳукумат томонидан аҳолини сувни тежашга рағбатлантириш учун яхши ишлар давом этяпти, масалан, томчилатиб суғориш усулларини қўллаган фермерларга субсидиялар бериляпти. Бироқ бунинг ўзи етарли эмас, фермерларга томчилатиб суғоришнинг ижобий ва салбий тарафлари ҳақида кўпроқ билим бериш зарур. Фермер томчилатиб суғоришнинг ўзига ва олиб бораётган фаолиятига фойдаси катта эканини билсагина давомий равишда бу усулдан фойдаланиши мумкин. Акс ҳолда, татбиқ қилинган янги суғориш усулидан 1-2 йилда воз кечиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Бунинг давомийлигини кафолатлаш анча иш талаб қилади.

Сувни тежашнинг янги усулларини илмий жиҳатдан ҳам ўрганиш, тупроққа, ҳосилдорликка таъсири, кўп ва кам ишлатиладиган ресурслар тадқиқ қилиниши лозим. Ўрта Осиёда ҳозир бу билим чегараланган. Томчилатиб суғоришдан биз фақатгина охирги 3-4 йилда кенг кўламда фойдаланишни бошладик. Ўзига яраша мураккаб суғориш услубини амалда давомий равишда татбиқ қилиш анчагина билим талаб қилади. Бу билимни нафақат илмий ишлар орқали эгаллаш ва уни фермерларга ҳам етказиш лозим. Бу йўналишда Исроилнинг томчилатиб суғориш бўйича тажрибасини ўрганиш мумкин.

Агар сувдан тўғри фойдалансак ва тежамкор суғориш усулларини қўлласак, Ўрта Осиёда сув барчага етади. Дунёнинг айрим давлатларида сув захиралари Ўрта Осиёникидан ҳам кам бўлиб, қишлоқ хўжалиги ўта ривожланганини ҳам кузатиш мумкин. Бунақа даражага етиш учун сувдан унумли фойдаланиш кафолат бўла олади.

Ўзбекистонда ҳам томчилатиб суғориш фермернинг даромадига қандай таъсир қилишини, у нималардан фойда кўришини илмий ўрганиш лозим.

Ҳукуматга таклифлар

Инновацион усулларни татбиқ қилган ҳолда сув захираларини кузатиш ва бу усулларни захираларни бошқаришда кенг қўллаш зарур. Сунъий йўлдош маълумотларидан кенг фойдаланиб, сув захиралари ҳақида кўпроқ маълумот олишни йўлга қўйиш лозим. Сувдан унумли фойдаланиш учун аввал унинг миқдори тўғрисида аниқроқ маълумотга эга бўлишимиз керак. Ҳозирда нафақат ёз фасли учун ойма-ой, балки кунма-кун тоғларимизда қанча сув миқдори мавжудлигини кузатиб бориш имкониятлари мавжуд.

Шунингдек, сув ресурслари йиғилиши, унинг кутилаётган миқдорини ёритиб берадиган онлайн платформа яратиш фойдали бўлади.

Бунинг билан сув захиралари ҳақидаги маълумотлардан фақат прогнозлаштириш билан шуғулланувчи ташкилотлар эмас, балки сувдан фойдаланадиган барчани хабардор қилиб бориш мумкин. Ҳозирда Жаҳон Банкининг Ўрта Осиёда амалга оширилаётган CAFEWS лойиҳаси ҳам маълумотлар алмашинувини йўлга қўядиган платформа яратишни мақсад қилган.

Бундай платформа сув бўйича маълумот беришдан ташқари, табиий офатлардан ҳам огоҳ бўлишга ёрдам беради. Масалан, март ойида тинимсиз ёмғир ёғди. Шундай вазиятда қаерда қанча ёмғир ёғганини, қаерда сел келиш эҳтимоли бор, қаерда қурғоқчилик эҳтимоли мавжудлиги харита орқали кўрсатиб берилса, сувдан фойдаланишда анча самарадорликка эришиш мумкин. Қолаверса, сув омборларидан фойдаланишни ҳам оптималлаштириш имкони бўлади.

Ўзбекистонда сув ресурсларини ўрганишга оид илмий ишлар ҳам етарли эмас. Ривожланган давлатларда бирор янги бошқариш усулини амалда татбиқ этишдан олдин вазият илмий ўрганиб чиқилади ва ҳақиқатан, ҳудуд учун фойдали бўладиган, узоқ муддат давомий ишлаб берадиган лойиҳаларгина амалиётга жорий қилинади. Бундай усулни Ўзбекистонда ҳам қўллаш фойдали бўлади.

Ўзбекистонда суғориш мақсадида керагидан кўп сув ишлатилади ва буни келажакда камайтириб бориш керак. Сабаби сув йилдан йилга камайиб бораверади. Бироқ бунга мослашиш – тез бўладиган жараён эмас. Кейинги 10-15 йил давомида бўлса ҳам, янги шароитда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга мослашишимиз зарур.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

Аброр ҒафуровТошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бакалавриатни, “Умид” жамғармаси орқали Германияда магистратурани тамомлаган ва Германия гранти орқали докторантурада таҳсил олган. Ҳозирда Германия ер тадқиқотлари марказининг (German Research Centre for Geosciences) “Марказий Осиёда сув” лойиҳаси раҳбари.

Бундан ташқари, халқаро ташкилотлар мутахассиси сифатида фаолият юритиб боради, Берлиндаги Ҳумболдт университетида доцент, талабаларга дарс беради. Ватандошимиз ўзи жисмонан Германияда фаолият юритишига қарамай Ўзбекистон, Марказий Осиё сув ресурсларига оид доимий изланишлар олиб боради.

Мавзуга оид

Эълонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди