16:45 / 04.05.2022
20035

Россия билан тузилган келишув НАТО кенгайишига тўсқинлик қилмаслиги айтилди

Маълумот берилишича, 23 февралдан буён НАТОнинг Шарқий Европадаги кучлари 10 бараварга кўпайтирилган — 40 минг нафарга етказилган.

Фото: AP

Россия ва НАТО ўртасида 1997 йилда имзоланган ҳужжат алянс кенгайишига тўсқинлик қилмайди, деди НАТО ҳарбий қўмитаси раиси Роб Бауэр.

«НАТО — Россия акти ҳали ҳам мавжуд. Аммо у режаларимизни амалга оширишга тўсқинлик қилмайди»,— дея унинг сўзларидан иқтибос келтирган Financial Times.

«Биз бу келишувни бузмаймиз, аммо у бизни зарур ҳаракатлардан тўхтатолмайди»,— деди Роб Бауэр.

Financial Times маълумотига кўра, 23 февралдан буён НАТОнинг Шарқий Европадаги кучлари 10 бараварга кўпайтирилган — 40 минг нафарга етказилган.

1997 йилдаги келишувга кўра, Россия ва НАТО бир-бирига душман сифатида қарамайди ва бир-бирларининг чегараларида сезиларли даражадаги ҳарбий кучларни жойлаштирмайди.

Top