Жаҳон | 11:22 / 12.05.2022
15713
2 дақиқада ўқилади

Украинада россиялик аскар устидан биринчи суд жараёни бошланди

Россиялик ҳарбий Суми вилоятида 62 ёшли фуқарони ўлдирганликда айбланмоқда. Бу Украинада россиялик ҳарбийларга қарши биринчи суд жараёнидир. У умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Фото: Reuters / Alexander Ermochenko

Украина Бош прокуратураси 11 май, чоршанба куни россиялик ҳарбий хизматчига нисбатан биринчи суд жараёни тўғрисида эълон қилди. У ҳарбий жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда.

Тергов 21 ёшли россияликни Суми вилоятида тинч аҳолини отиб ўлдирганликда айбламоқда. 28 февраль куни Украина қуролли кучлари ҳарбийлари томонидан колоннаси йўқ қилинган судланувчи ўзининг тўрт нафар хизматдоши билан қочиб кетгани хабар берилган. Улар шахсий автомашинага қарата автоматлардан ўқ узиб, уни ўғирлаб кетган. Ушбу машинада россиялик ҳарбийлар Суми вилоятининг Чупахивка қишлоғига кириб борган.

Йўлда улар йўл четидан велосипедда юриб, телефонда гаплашаётган қуролсиз кишини кўриб қолган. Украина Бош прокуратураси маълумотларига кўра, ҳарбийлардан бири айбланувчига фуқарони ўлдириш ҳақида топшириқ берган.

«Айбланувчи 62 ёшли фуқаронинг бошига Калашников автоматидан машина очиқ ойнаси орқали бир неча марта ўқ узган. Эркак ўз уйидан атиги бир неча ўн метр узоқликда вафот этган», - дейилади Украина Бош прокуратураси баёнотида.

Ҳозирда Украина асирлигида бўлган россиялик аскар ҳарбий жиноят ва қотиллик учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Украина Бош прокуратураси унинг қўлга олингани тафсилоти ва қолган тўрт нафар россиялик ҳарбийнинг тақдири ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид