10:49 / 13.05.2022
12477

«Бемаъни ва қаттол урушни тўхтатинг» – Жилл Байден Путинга мурожаат қилди

Фото: Жилл Байден ахборот хизмати

АҚШ президенти Жо Байденнинг рафиқаси Жилл Байден Россия президенти Путинга мурожаат қилди. Яқинда Украинада бўлиб қайтган АҚШ биринчи хонимининг Путинга мурожаат билан тугаган сафар таассуротлари ҳақида чиқиши CNN'да эълон қилинди.

Жилл Байден Украинага сафари вақтида Володимир Зеленскийнинг рафиқаси Елена Зеленская билан ҳам учрашганди. Украина биринчи хоними Байден хонимдан руҳий зўриқишга учраган украиналикларга мадад беришда ёрдам сўраган.

«Инсон уруш майдонидан ўзгармай чиқолмайди, алам одамнинг юзини қаритади. Мен кўрган оналарнинг кўз ёши кўзининг бир бурчагида қотиб қолгандек, ўзларини зўрға йиғидан тийиб тургандек эди. Улар фарзандларининг сочини худди бу охирги марта бўлаётгандек авайлаб силарди. Уларнинг кўзида қатъиятни кўриш мумкин, аммо чўкиб қолган елкалари қанчалик қийналганидан нишона. Уларда нимадир етишмайди – қувонч ва аёлларгина тушунадиган оддий оҳанг.

Мен Словакия ва Руминияда учратган украиналик оналар туни билан бомбалардан қочиб чиққани, бир неча кун егулик ва ҳатто қуёшсиз яшаганларини айтиб беришди. Ужгородда мен учратган она оиласи билан овқат қидириб кўчага чиққанида, россиялик аскарлар нонга навбатда турган одамларни отиб ташлаганини айтиб берди.

24 феврал куни Россия Украинага бостириб киргач, одамлар ҳатто оёқ кийимсиз бир неча чақирим масофага қочишга мажбур бўлган. Бу ҳақда чегарачилар гапириб беришди. Елена Зеленская мен билан гаплашиб, халқи учун ёрдам сўрайман деб ўз болаларини бомбапанада қолдириб чиқди. У уруш даҳшати сабаб руҳий қийинчиликка учраган одамларга ёрдам беришимизни сўради.

Биз бир-биримизни оналар куни билан табрикладик. Америкалик оналар номидан украиналик оналар билан бирга эканимизни айтдим. Мен кўрган оналар ҳам яна кулишини жуда истадим. Бу учун эса уруш тугаши керак. Жаноб Путин, илтимос, бу бемаъни ва қаттол урушни тўхтатинг», деб ёзган АҚШ биринчи хоними CNN'даги муаллифлик колонкасида.

7 май куни Руминия ва Словакияда украиналик қочоқлар билан учрашган АҚШ биринчи хоними 8 май куни Украинанинг Ужгород шаҳрида Елена Зеленская билан бирга бошқа ҳудуддан қочиб келган болалар таҳсил олаётган мактабга борганди. «Украиналикларнинг матонатидан бутун дунё куч олса арзийди», деганди ўшанда Жилл Байден.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top