Ўзбекистон | 09:29 / 21.05.2022
28528
2 дақиқада ўқилади

Ўйин тугади. Фермерларга босим ўтказган “вакил” узр сўради

Денов тумани фермерларига таҳдид ва босимлар ўтказиб келган сув истеъмолчилари уюшмаси раҳбарига амалда юридик асосга эга бўлган ваколат юклатилмаганлиги маълум бўлди.

Видеодан кадр

Kun.uz’да Сурхондарёнинг Денов туманида СИУ раҳбари фермерларга босим ўтказгани, ИИБ ва прокуратурага олиб бориб “гаплашиб олиш” билан таҳдид қилганига оид суриштирув эълон қилинганди.

Ҳолат бўйича Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ўрганиш олиб борганини маълум қилди.

Унга кўра, Аюбхон Алимовга сув истеъмолчилари уюшмаси (СИУ) раҳбари ваколати ҳеч бир юридик асосда юклатилмаганлиги аниқланган. Кўнгилли тарзда бу вазифани зиммасига олган Алимовга уюшма таркибидаги фермер хўжаликлари раҳбарлари ва масъулларига тўғридан-тўғри босим ўтказиш амалдаги қонунчилик талабларига зидлиги тўғрисида тушунтирилган.

Ўз навбатида мазкур уюшма таркибидаги фермер хўжаликлари мутасаддиларига ҳам А.Алимовнинг кўнгилли тарзда олган ваколатлари доирасида иш юритиши, агар унинг ёндашуви қонунчилик талабларидан четга чиқса, тегишли тартибда ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишлари лозимлиги айтилган.

Ҳолат бўйича якуний хулосага келиш мақсадида Денов тумани прокуратураси томонидан ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда. Якуний натижалар ҳақида қўшимча маълумот берилади, дейилади муносабатда.

Аюбхон Алимов ўзи билан боғлиқ ҳолат эълон қилингач, сайт ва журналист шаънига ноўрин сўзлар ишлатиб, ижтимоий тармоқларда пост эълон қилди. Алимов ушбу ҳаракатлари учун Kun.uz мухбири билан телефон орқали боғланиб, афсусда эканини билдирди ва постларини ўчирди. Шунингдек, ўзининг Facebook саҳифасида мурожаат қилиб, фермерларга босим ўтказгани учун узр сўради.

Вилоят прокуратураси матбуот хизмати раҳбарининг Kun.uz’га маълум қилишича Аюбхон Алимовнинг хатти-ҳаракатлари ўрганилмоқда ва натижалари тез орада маълум қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Аюбхон Алимов Kun.uz мухбири билан суҳбатда ўзини бу вазифага вилоят ҳокими Тўра Боболов бириктирганини айтганди.

Исомиддин Пулатов
Муаллиф Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид