Жаҳон | 17:37 / 24.05.2022
10417
2 дақиқада ўқилади

Столтенберг Туркиянинг хавотирларини ҳисобга олиш кераклигини айтди

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Туркиянинг хавотирларини бартараф этиш бўйича чоралар ишлаб чиқилишини айтди.

Фото: Anadolu Agency

Йенс Столтенбергнинг қайд этишича, Швеция ва Финландиянинг НАТОга аъзо бўлиши коллектив хавфсизликни кучайтиради ҳамда ЕИ ва алянс ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди.

Алянс бош котиби аввалроқ Россия Ғарбдан НАТО блоки кенгайишидан воз кечиш бўйича кафолат беришни ултиматум тарзида талаб қилганини айтди.

«Россия ўз чегаралари олдида НАТО кучлари камроқ бўлишини истади ва уруш бошлади. Аммо бугун Россия чегаралари олдида алянс кучлари анча кўп. Швеция ва Финландиянинг НАТОга аъзо бўлиш тўғрисидаги аризалари тарихий аҳамиятга эга. Мен шунингдек, Туркиянинг хавотирларини ҳам тушунаман. Буни унутмаслигимиз лозим. НАТОнинг ҳеч бир аъзоси террорчилик ҳужумларидан Туркиячалик жабр кўрмаган ва ҳеч бир иттифоқчи қочқинларни Туркиячалик кўп қабул қилмаган. Шунинг учун мулоқот столига ўтиришимиз ва ечим топишимиз керак», - деди Столтенберг.

У Туркия ҳам АҚШ, Буюк Британия ва Канада сингари Украинани қўллаб-қувватлаб келаётганини эслатиб ўтди.

Финландия ва Швеция 18 май куни НАТОга кириш учун ариза топширди. Анқара бу мамлакатларни террорчи ташкилот деб эълон қилинган Курдистон ишчилар партиясини қўллаб-қувватлашда айблаб, уларнинг алянсга аъзо бўлишига қарши чиқмоқда.

Мавзуга оид