Жаҳон | 08:48 / 28.05.2022
10097
3 дақиқада ўқилади

Трамп Техасдаги отишмадан кейин қурол назоратини кучайтиришга қарши чиқди 

АҚШ собиқ президенти Қўшма Штатларнинг энг йирик қурол лоббичиларидан бири томонидан Техасда ташкил этилган конференцияда, мактаб ўқувчиларининг автомат қуроллар билан отиб ўлдирилганидан уч кун ўтиб нутқ сўзлади.

Фото: Brandon Bell / Getty Images

АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп Техасдаги мактабда 19 боланинг ўлимига сабаб бўлган отишмадан кейин қурол назоратини кучайтиришга қарши чиқди. Бу ҳақда Трамп Миллий ўқчилар ассоциациясининг (NRA) йиллик қурултойида айтиб ўтди, деб хабар берди AFP 27 май, жума куни.

«Дунёда ёвузликнинг мавжудлиги қонунга бўйсунувчи фуқароларни қуролсизлантириш учун сабаб эмас. Ёвузликнинг мавжудлиги қонунга бўйсунувчи фуқароларни қуроллантириш учун энг яхши сабаблардан биридир», - деди Трамп. Унинг сўзларига кўра, қуролни назорат қилиш бўйича турли чоралар «рўй берган даҳшатнинг олдини олиш учун ҳеч нарса қилиб бермади». 

Собиқ президент мактабларда хавфсизлик тизимини ўзгартиришга ҳаракат қилишни таклиф этди. «Ҳаммамиз, республикачилар ва демократлар, мактабларимизни мустаҳкамлаш ва фарзандларимизни ҳимоя қилиш учун ҳар бир штатда ва ҳукумат даражасида бирлашишимиз керак. Ҳозир бизга керак бўлган нарса бутун мамлакат бўйлаб мактаб хавфсизлигини тўлиқ қайта кўриб чиқишдир», деди у. 

Трамп бундай «капитал таъмирлаш»ни молиялаштириш ҳақида гапирар экан, Украинага 40 миллиард долларлик ёрдамни эслатиб ўтди. «Агар АҚШ Украинага миллиардлаб пул юбора олса, буни ҳам қила оламиз», деди Трамп. «Биз Ироқ ва Афғонистонда триллионлаб пул сарфладик ва бунинг эвазига ҳеч нарса олмадик. Дунё бўйлаб давлатлар қуришдан олдин, мамлакатимизда болаларимиз учун хавфсиз мактаблар қуришимиз керак», дея чақириқ билан чиқди собиқ президент. 

24 май, сешанба куни 18 ёшли ўрта мактаб ўқувчиси Техаснинг Ювалд шаҳридаги Robb Elementary School’га кириб, AR-15 ярим автоматик милтиқдан ўт очди. Натижада 22 киши ҳалок бўлди - 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган 19 бола ва уч нафар ёши катта шахс, жумладан, полиция ходимлари томонидан отиб ўлдирилган қотилнинг ўзи. 

Ҳужум АҚШ мактабларига амалга оширилган тажовузлар орасида қурбонлар сони бўйича тарихдаги энг оммавий ҳужумлардан бири бўлди. AFP агентлигининг қайд этишича, йил бошидан буён АҚШда ўқотар қуроллардан фойдаланган ҳолда 200 дан ортиқ оммавий қотиллик содир этилди. Техасдаги отишмадан сўнг, АҚШда ўқотар қуроллар устидан назоратни кучайтириш зарурлиги ҳақидаги мунозаралар қайта бошланди.

«Биз миллат сифатида ўзимиздан сўрашимиз керак, қачон қурол лоббисига қарши чиқамиз? Биз ҳаракат қилишимиз керак. Бу қотилликларга таъсир кўрсата олмаймиз, деб гапирманг», деди АҚШ президенти Жо Байден. 

AFP агентлигининг қайд этишича, қурол-яроғнинг эркин муомаласини қўллаб-қувватловчи энг кучли ташкилотлардан бири NRA ҳисобланади, унинг қурултойи мактабдаги қирғиндан атиги уч кун ўтиб Техасда бўлиб ўтди ва Трамп унда нутқ сўзлади. Баъзи сиёсатчилар, жумладан Техас губернатори Грег Эбботт конференцияда иштирок этишдан бош тортди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид