Ўзбекистон | 08:33 / 01.06.2022
3314
3 дақиқада ўқилади

Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари белгиланди

Фото: Kun.uz

Президент “Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Музейларда хизматлар соҳасини кенгайтириш бўйича шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ 2022 йил 1 июлдан бошлаб:

  • давлат музейларига ҳар куни соат 22:00 гача ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади, шунингдек, заруратга кўра, давлат музейлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тунги иш вақти муддатларини белгилаши мумкин;
  • пулли хизматлар кўрсатишда иштирок этган музей ходимларига қўшимча тўловлар тўланади ва улар моддий рағбатлантирилади, қўшимча тўловлар тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби музейлар томонидан уларнинг юқори турувчи органи билан келишган ҳолда белгиланади;
  • давлат музейларига уларда ташкил этиладиган хизматлар учун Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги билан келишган ҳамда бозор конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида қўшимча  ходимларни жалб этишга рухсат берилади.

Давлат музейлари томонидан хизматларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари, музейларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, Маданий мерос жамғармаси маблағлари, тижорат банкларининг кредитлари, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Президент қарорига кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Туркия малакали компаниясини жалб этган ҳолда Тошкент шаҳри шаҳар бюджети маблағлари ва унинг қўшимча манбалари ҳисобидан 2022 йил 1 ноябрга қадар жаҳоннинг машҳур музейларидаги энг илғор тажрибаларни қўллаган ҳолда Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Темурийлар тарихи давлат музейи, Ўзбекистон давлат табиат музейи биноларини замонавий реконструкция қилиш, жиҳозлаш, рақамлаштириш ва янги экспозицияларини яратиш ҳамда уларда хизматлар кўрсатиш соҳасини намуна сифатида тайёрламоқда.

Белгилаб қўйилишича, давлат ташкилотлари ва муассасалари ўзлари ишлаб чиқараётган янги турдаги муҳим маҳсулотлардан намуналарни давлат музейларига бепул беради.

Аҳолидаги маданий бойликларни давлат музейлари томонидан қабул қилиб олишни рағбатлантириш ва оммалаштиришга қаратилган “Миллий меросга менинг ҳиссам!” умумхалқ акцияси 2022 йил 1 июлдан бошлаб ташкил этилади ва доимий равишда ўтказиб борилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид