Ўзбекистон | 19:32 / 03.06.2022
28505
2 дақиқада ўқилади

Сўмнинг рамзи плагиатга текширилмаганми?

Миллий валюта – сўмнинг янги рамзи Франциянинг “In-Core Systèmes”, Таиланда ташкил этилган “Union Language School” ва Ҳиндистонда очилган “Logic Square Technologies” логотипларига ўхшаш. Интернетда аксарият фаоллар бу белгини қўллаб-қувватламаяпти.

Ўзбекистон валютаси сўмнинг график рамзини ишлаб чиқиш бўйича ўтказилган танлов натижалари эълон қилинди ва Сарвар Жумагалдиев томонидан ишлаб чиқилган график белги танлаб олинди.

Интернет фойдаланувчиларининг эътибор қаратишича, сўм рамзига айланиши кутилаётган белги 1998 йилда асос солинган ва Франциянинг Лион шаҳрида фаолият олиб борувчи “In-Core Systèmes” компаниясининг логотипидан деярли фарқ қилмайди.

Шунингдек, Таиландда ташкил этилган “Union Language School” логотипи ҳам танловда ғолиб чиққан белгига жуда ҳам ўхшаш.

Яна бир қанча хорижий компаниялар, хусусан 2012 йилда Ҳиндистонда очилган “Logic Square Technologies” онлайн платформаси ҳам шунга ўхшаш логотипга эга.

Қатор каналларда Ўзбекистондаги “Ma’no Branding” агентлиги конкурс доирасида тақдим этган вариантлар ҳам эсланмоқда.

“Агентлик шунчаки чизмаларни эмас, балки бутун жараён тасвирланган узун ва батафсил ҳужжатни кўрсатди. Унда валюта белгилари тарихи, турли давлатлардаги ҳолат, ўхшашликлар, қоидаларни ўрганиш каби тадқиқот, агентлик чизган вариантларга халқаро экспертларнинг изоҳлари ва вариантларнинг бир қанча жойларда ишлатилиш услублари, уларнинг ўзаро кучли ва кучсиз тарафлари келтирилган”, дейилади изоҳда.

Бундан фарқли, Марказий банк фақат янги белгининг ўзини эълон қилиш билан чекланган.

Марказий банк релизига шундай ранг-баранглик етишмаган. / Фото: Ma’no Branding таклиф этган вариант

Маълумот учун, танлов ғолиби учун 15 млн сўм миқдорида пул мукофоти берилиши кўзда тутилган.

Танлов шартларида “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунга риоя этилишига иштирокчининг шахсан ўзи жавобгар эканлиги, ғолиб чиққан лойиҳа Интеллектуал мулк агентлиги томонидан тасдиқланганидан сўнггина фойдаланишга рухсат берилиши назарда тутилган.

Мавзуга оид