Ўзбекистон | 14:56 / 04.06.2022
22184
3 дақиқада ўқилади

Сўм рамзининг француз компанияси логотипига ўхшашлиги масаласида изоҳ берилди

Франциянинг “In-Core Systèmes” компанияси логотипи Ўзбекистонда товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтмаган, шу сабабли ҳимоя қилинмайди, деб маълум қилди Адлия вазирлигининг Интеллектуал мулк департаменти. Қўшимча қилинишича, қонунчиликка биноан, пул белгилари муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳисобланмайди.

Адлия вазирлиги Интеллектуал мулк департаменти миллий валюта – сўмнинг танлаб олинган рамзи ва Франция “In-Core Systèmes” компанияси логотипи ўхшашлиги бўйича муносабат билдирди.

“Айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан ушбу ҳолатга интеллектуал мулк объектидан, хусусан, товар белгисидан ноқонуний фойдаланиш сифатида баҳо берилмоқда”, дейилади муносабат аввалида.

Департаментга кўра, “In-Core Systèmes”компаниясининг белгисига ўхшаш белгилар дунёнинг бир қатор давлатларида (АҚШ, Канада, Жанубий Корея, Италия, Германия ва Ҳиндистон) ҳам фойдаланиб келинади.

“Таъкидлаш жоизки, интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси территориал (ҳудудий) характерга эга. Бошқача айтганда, интеллектуал мулк объекти маълум бир давлат ҳудудида ҳуқуқий ҳимоядан фойдаланади. Шу жумладан, товар белгиси ҳам тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилганидан сўнг ҳуқуқий муҳофазага эга бўлади”, дейилади баёнотда.

Расмийларга кўра, “In-Core Systèmes”компаниясининг белгиси Ўзбекистонда товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтмаган ва муҳофаза қилинмаган.

“Ушбу ҳолатни муаллифлик ҳуқуқи нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисида Берн конвенсияси ва миллий қонунчилигимизга мувофиқ, муаллифлик ҳуқуқи яратиш факти бўйича юзага келади ва унинг юзага келиши ҳамда амалга оширилиши учун рўйхатдан ўтказиш ёки бирон-бир бошқа расмиятчиликка риоя этиш талаб қилинмайди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддасига мувофиқ, расмий рамзлар ва белгилар (байроқлар, герблар, орденлар, пул белгилари ва шу кабилар) муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳисобланмайди.

Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур белгини товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказиш ва муҳофаза қилиш мақсадида Интеллектуал мулк департаментига мурожаат қилинмаган. Агар ушбу белгини давлат рўйхатидан ўтказиш учун Интеллектуал мулк департаментига мурожаат қилинса, ҳолат экспертлар томонидан тўлиқ ўрганилиб, тегишли тартибда хулоса берилади”, – дейилади Адлия вазирлиги департаменти изоҳида.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк сўм рамзи учун ғолиб шаклни 500дан ортиқ таклиф орасидан танлаб олганини маълум қилганди.

Мавзуга оид