Ўзбекистон | 10:47 / 07.06.2022
52629
3 дақиқада ўқилади

Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров процессуал тартибда ушланди

У жиноий шериклари билан 48 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликда айбланмоқда.

Фото: Kun.uz

6 июн куни Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаров ўзига нисбатан олиб борилаётган дастлабки тергов ҳаракатлари жараёнида ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланди. Бу ҳақда Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Kun.uz'га маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Андижон шаҳар ҳокими эски лавозимида (вилоят молия бошқармаси бошлиғи) ишлаган вақтда шериклари билан 48 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган. Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тергов иши доирасида 37 нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, уларнинг 32 нафари қамоққа олинган. Ҳозирча етказилган зарарнинг атиги 23 фоизи қопланган. Терговни Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси олиб бораётгани маълум.

Ҳайдаров жорий йил 28 май куни депутат дахлсизлиги ҳуқуқидан маҳрум қилинганди.

Баҳромжон Ҳайдаров аввалроқ ҳоким сифатида ҳам ер ажратиш билан боғлиқ қонунбузарликлар оқибатида давлат манфаатларига 1,7 миллиард сўмдан ортиқ зарар келтиргани маълум қилинган эди. Бир вақтнинг ўзида депутат ҳисобланган ҳокимни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича Андижон вилояти прокуратураси томонидан 2022 йил 3 февраль куни Халқ депутатлари вилоят кенгашига киритилган тақдимнома тақдири юзасидан жамоатчиликка маълумот берилмаган.

Бугунга қадар Андижон шаҳри ҳокимининг ноқонуний ер ажратгани, фуқароларни ҳақорат қилгани ва бошқа масалаларда қонунга зид хатти-ҳаракатлари жамоатчилик томонидан кескин қораланиб келмоқда.

Маълумот учун, Жиноят процессуал кодексининг 221-моддасига кўра (Ушлаб туриш асослари) жиноятни содир этишда гумон қилинган шахс қуйидаги асослар мавжуд бўлганда ушлаб турилиши мумкин:

1) шахс жиноят устида ёки бевосита уни содир этганидан кейин қўлга тушса;

2) жиноят шоҳидлари, шу жумладан жабрланувчилар уни жиноят содир этган шахс тариқасида тўғридан тўғри кўрсатсалар;

3) унинг ўзида ёки кийимида, ёнида ёки уйида содир этилган жиноятнинг яққол излари топилса;

4) шахсни жиноят содир этишда гумон қилиш учун асос бўладиган маълумотлар мавжуд бўлиб, у қочмоқчи бўлса ёки доимий яшайдиган жойи йўқ ёхуд шахси аниқланмаган бўлса.

Мазкур кодекснинг 226-моддасига кўра, ушлаб туриш муддати шахс амалда ушланган пайтдан (эркин ҳаракатланишга бўлган ҳуқуқларнинг ҳақиқий чекланган пайти) эътиборан кўпи билан 48 соатни ташкил этади.

Мавзуга оид