Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёдан иш излаб келган 4 болали оила Тошкентда кўчада қолиб кетди
Шаръий никоҳда бўлган қашқадарёлик эр-хотин 3 нафар фарзанди билан пойтахтга иш излаб келган ва оила иш тополмай яшаш жойисиз оғир аҳволда қолган. Аёл тўртинчи фарзандини Тошкентда дунёга келтирди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири оилани ўзи ишлайдиган цехга вақтинча яшаш учун жойлаштирди. Уларга Сенат томонидан кўмак кўрсатилди.
Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ижтимоий тармоқларда кўтарилган, аёлларга оид 2 та муаммоли ҳолатни ўрганди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати Kun.uz'га хабар берди.
5 июн куни Facebook'даги Maslahat.uz гуруҳида қолдирилган постда сурхондарёлик эр-хотин Тошкентга ишлаш учун келиб, чорасиз ҳолда қолгани ҳақида маълум қилинган.
“Даҳшатлиси, аёл кесарча билан туғиши керак, аввалги уч фарзандини ҳам кесарча йўли билан туққан чунки. Хуллас, уларни шу аҳволда ташлаб кета олмадим, ишхонамизнинг цехига жойлаштирдим. Қўлимиздан келгунча, ётоқ ва озиқ-овқат билан таъминладик.
Сизлардан илтимос, ҳозир бу аёлга тиббий кўрик, ҳужжат, кийим (болалар ва ўзига, чақалоққа кийилгани бўлса ҳам) жудаям зарур. Аёлнинг бугун-эрта кўзи ёрийдиган. Давлат томонидан мободо бирон ёрдам ололсак, унга ҳам воситачи бўлинглар, илтимос”, дея ёзган Гўзал Назарқосимова исмли фойдаланувчи.
Сенат қўмитасининг ўрганишича, шаръий никоҳ билан яшаётган эр-хотин Р.Абраев ва Ф.Шотўраева ижтимоий оғир аҳволда, расмий ҳеч қаерда ишламайди, уч нафар фарзанди бор. Тошкент шаҳрига иш излаб келишган. 5 июн куни Тошкент тиббиёт институти ҳузуридаги туғуруқхонада кесарча усулда тўртинчи фарзанди туғилган.
Юқоридаги пост муаллифи оилани ўзи ишлайдиган цехга жойлаштирган ва уларнинг номига хайрия асосида пул йиғилиб, аёл учун керакли дори-дармонлар сотиб олинган.
Сенат қўмитаси томонидан она-бола ҳолидан хабар олиниб, керакли муолажалар учун дори-дармон, озиқ-овқат ва моддий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, Ф.Шотўраевани “Аёллар дафтари”га киритиш, расмий никоҳ билан боғлиқ масалалар юзасидан тегишли мутасаддилар билан кўриб чиқиш учун Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод тумани ҳокимлигига топшириқлар берилган.
Қўмита томонидан вазияти ўрганилган яна бир аёл – З.Р. Тошкент шаҳар Бектемир туманидаги хонадонларнинг бирида ижара шартномасиз яшайди. Ўрганиш давомида аёл фуқаролик паспортини йўқотиб қўйгани, расмий ҳеч қаерда ишламаслиги, қарамоғида отаси бошқа бўлган 2 нафар вояга етмаган 6 ёш ва 2 ёшли қиз фарзандлари борлиги, фарзандларига оталик белгилангани билан нафақа тўланмаслиги аниқланган.
Қўмита тавсияси билан З.Р.нинг бандлигини таъминлаш учун Нурафшон маҳалласида жамоатчилик ишига жалб қилинган. Шунингдек, маҳалла биносининг бўш турган икки хонасини таъмирлаб, яшаш учун шароит қилиб беришга, фуқаролик паспортини тиклагунга қадар вақтинчалик рўйхатга қўйиш, зудлик билан тиббий кўрикдан ўтказиш , қизиқишига кўра мономарказда қандолатчилик йўналиши бўйича ўқитиш ва ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун субсидия ажратиш режалаштирилган.
Мавзуга оид
19:45 / 13.06.2026
Сенат аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
15:29 / 13.06.2026
Сенат Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги қонунни рад этди
08:33 / 05.06.2026
АҚШ Россияга қарши санкцияларни кенгайтириш сари қадам ташлади
17:36 / 23.05.2026