Жаҳон | 12:58 / 09.06.2022
9673
2 дақиқада ўқилади

Россияда дорилар сифатини назорат қилувчи қурилмалар тақчиллиги юзага келди 

Россия фармацевтика компаниялари хроматографик устунлар етишмовчилигини бошдан кечирмоқда. Захира олти ойгача етиши мумкин, деб ёзмоқда «Коммерсант».

Фото: Shutterstock

Россия фармацевтика компаниялари хроматографик устунлар – янги дори воситаларини яратишда ва рўйхатдан ўтган дори воситаларини ишлаб чиқаришда сифат назорати учун фойдаланиладиган қурилмалар етишмаслигига дуч келмоқда, деб ёзади «Коммерсант» газетаси 8 июнь, чоршанба куни қатор фармацевтика ишлаб чиқарувчиларига таяниб.

«Активний компонент» компанияси нашрга хроматографик устунлар захиралари уч ойдан олти ойгача етиши мумкинлигини билдирган. Ушбу қурилмаларнинг тақчиллиги ғарбдаги ишлаб чиқарувчиларнинг Россия Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошлаганидан кейин Ғарб томонидан киритилган санкциялар фонида Россияга бутловчи қисмлар етказиб беришдан бош тортиши билан боғлиқ.

Россияга бундай ускуналарнинг асосий етказиб берувчилари Американинг Agilent Technologies, Waters, Phenomenex ҳамда Германиянинг Merck ва Macherey-Nagel компаниялари эди. Уруш бошланганидан кейин улар Россия бозоридаги ишини чеклади ёки тўхтатди. 

Россия компаниялари энди учинчи давлатлар орқали хроматографик устунлар олишга мажбур. Шу билан бирга, логистика иши бузилгани сабабли қурилмалар 30-50 фоизга қимматлашган, уларни етказиб бериш муддати узайган. Баъзи фармацевтика ишлаб чиқарувчилари учинчи томон воситачиларидан ускуналарни сотиб оляпти, бошқалари эса Хитойда ишлаб чиқарилган қурилмаларни синаб кўряпти.

Муаммо шундаки, етказиб берувчининг ҳар қандай ўзгариши билан препаратни рўйхатдан ўтказиш пайтида тақдим этилган ҳужжатларга ҳам ўзгартиришлар киритиш керак, бу эса узоқ ва бюрократик жараёндир, деди «Вертекс» компанияси вакили. 

Россия фармацевтика ишлаб чиқарувчиларининг қийинчиликлари фақат хроматографик ускуналар етишмаслиги билан чекланмаяпти. Икки дистрибюторнинг «Коммерсант»га хабар қилишича, Россияга олиб кирилиши, ускуналардан фарқли ўлароқ, Европа иттифоқи санкциялари билан тақиқланган хроматографлар билан боғлиқ муаммо янада жиддийроқ бўлиши мумкин. Шу сабабли, кўплаб фармацевтика ишлаб чиқарувчилари ускуналарни янгилай олмайди ва хизмат кўрсатиш имконини йўқотади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид