АҚШда инфляция 40 йил ичида энг юқори кўрсаткичга чиқди
Май ойида АҚШда истеъмол нархлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,6 фоизга ўсди, бу 1981 йил декабридан бери энг юқори кўрсаткичдир.
Апрель ойидаги бироз пасайишдан сўнг, АҚШда истеъмол нархларининг ўсиши яна тезлашди ва 40 йилдан ортиқ вақт ичидаги энг юқори даражага етди. Вашингтондаги Меҳнат вазирлигининг 10 июнь, жума куни маълум қилишича, май ойида инфляция йиллик ҳисобда 8,6 фоизни ташкил этди, бу 1981 йил декабридан бери энг юқори кўрсаткичдир. Апрель ойида у 8,3 фоизни, мартда 8,5 фоизни ташкил этди.
Қўшма Штатларда охирги марта 1981 йил декабрида инфляция май ойида қайд этилган қийматдан ошиб кетганди, ўшанда унинг даражаси 8,9 фоизни ташкил этган. Май ойида энергия ташувчилар нархларида энг катта ўсиш кузатилди, нархлар 2021 йилнинг шу ойига нисбатан 34,6 фоизга ошди. Озиқ-овқат 10,1 фоизга қимматлашди, бу 1981 йил мартидан бери энг кучли ўсишдир.
Инфляциянинг ўсиши бир вақтнинг ўзида товарлар ва хизматлар нархи кескин ошишини башорат қилган таҳлилчилар прогнозидан ҳам ошиб кетди, деб таъкидлайди AFP. Reuters томонидан сўралган экспертлар кўрсаткичлар турғун бўлишини кутганини билдирди. Hauck Aufhäuser Lampe банки таҳлилчиси Бастиан Хепперле фикрича, яқин келажакда инфляция жуда юқори даражада қолади. Ўз навбатида, Германиянинг LBBW банки эксперти Дирк Кленх АҚШ федерал захира тизими пул-кредит сиёсати курсини қатъийлаштиришига ишонч билдирди.
Ҳозирги вақтда дунёнинг кўплаб мамлакатларида инфляциянинг юқори даражаси қайд этилмоқда. Украинада уруш бошланганидан буён нархлар, биринчи навбатда, энергия ташувчилар ва озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи ошиб бормоқда. Европадаги энг ривожланган давлат - Германияда май ойида инфляция даражаси, дастлабки маълумотларга кўра, 7,9 фоизни ташкил қилади.
Мавзуга оид
16:56
АҚШ сайловларида республикачилар Конгрессда ҳам кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:46
“Абадий химикатлар” ёшларда буйрак шикастланишига олиб келиши мумкин — тадқиқот
15:42
Россиядан Венесуэлагача: табиий бойликлар бўйича энг бой давлатлар
10:31