07:28 / 11.06.2022
6322

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қўшимча вазифалар юклатилди

Президент қарори билан ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизими яратилади.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Давлат раҳбари имзолаган ҳужжат билан Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ерлар деградациясига қарши курашиш масалалари бўйича қўшимча вазифалар юклатилди. Бу ҳақда “Нигоҳ” канали хабар бермоқда.

Қайд этилишича, улар қуйидагилар:

ерлар деградацияси жараёнлари билан курашиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш;

ерлар деградацияси жараёнлари билан курашиш бўйича давлат дастурлари ва истиқболга мўлжалланган стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишда иштирок этувчи вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш;

ягона миллий ва халқаро индикаторлар ҳамда мезонларга мувофиқ замонавий технологиялар (лаборатория, дронлар, масофадан зондлаш ва бошқалар)ни қўллаш йўли билан ерлар деградацияси ва чўлланиши, ерларни тиклаш, рекультивация ва мелиорация тадбирлари, яйловлардан алмашлаб фойдаланиш, уларни сақлаш ва фитомелиорациялаш, қишлоқ хўжалиги экинларини алмашлаб экиш, ўрмонлар ва иҳотазорлар барпо қилиш жараёнлари мониторингини юритиш;

ерлар деградациясига қарши курашиш ишларини олиб боришга масъул корхона, муассаса, ташкилотлар раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслар учун ерлар деградацияси олдини олиш ва салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш ва бошқалар.

Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарув ходимларининг мавжуд штат бирликлари доирасида вазирлик марказий аппаратида 12 та штат бирлигидан иборат Ерлар деградацияси жараёнлари билан курашиш масалалари бўйича департамент ва ҳудудларда 2 та штат бирлигидан иборат Ерлар деградациясига қарши курашиш бўлимлари ташкил этилади.

Top