Жаҳон | 16:57 / 16.06.2022
12061
2 дақиқада ўқилади

НАТО Мадриддаги саммитда Украинага янги ёрдам пакетини тасдиқлайди 

Янги ёрдам пакети Украинанинг замонавий қуролларга ўтишини осонлаштиради, деб ҳисоблайди НАТО бош котиби Столтенберг. Брюсселда бўлиб ўтган «Рамштайн алоқа гуруҳи» йиғилишида Киевга қандай ёрдам кераклиги ҳам муҳокама қилинди.

Фото: Picture Alliance

НАТО ва қатор Ғарб давлатлари мудофаа вазирлари Брюсселдаги йиғилишда Украинага янги ҳарбий ёрдам кўрсатилишини эълон қилди. Бу ҳақда 15 июнь, чоршанба куни DW мухбири хабар берди. Шу куни НАТО штаб-квартирасида альянс мамлакатлари ҳарбий идоралари раҳбарларининг украиналик ҳамкасби Алексей Резников билан учрашуви бўлиб ўтди. Бундан ташқари, Украина мудофааси бўйича «Рамштайн формати» деб аталадиган алоқа гуруҳининг учинчи йиғилиши ўтказилди. 

«Бугун янги хабарлар эълон қилинди. Вазирлар йиғилишида ҳам, Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича алоқа гуруҳи йиғилишида ҳам», - деди НАТО бош котиби Йенс Столтенберг. «Биз Украина ва барча ҳамкорлар билан имкон қадар кўпроқ ва тезроқ ёрдам тақдим этиш учун яқиндан ишлаяпмиз, чунки қўллаб-қувватлашни зудлик билан кучайтириш зарурати бор», - деди у. Қўшимча қилинишича, Резников учрашувларда Украинанинг қуролга бўлган асосий эҳтиёжларини айнан нимадан иборат эканини айтиб ўтган.

Столтенберг, шунингдек, 28-30 июнь кунлари Мадридда бўлиб ўтадиган саммитда НАТО етакчилари Украинага янги ёрдам пакетини тасдиқлайди, деб ҳисоблайди. «Мен НАТО саммитида унга аъзо давлатлар Украинага узоқ муддатли истиқболда совет давридаги қуроллардан замонавий НАТО қуролларига ўтишида ёрдам бериш учун кенг кўламли қўллаб-қувватлаш пакети бўйича келишиб олишини кутаман», - деди бош котиб. 

Унинг сўзларига кўра, бу пакет НАТО давлатлари Украинага етказиб бераётган қуролларга асосланади. Аммо ўтиш даври кўпроқ билим ва тажриба алмашишни талаб қилади, деб эслатди Столтенберг. Бунга янги пакетда эътибор қаратилади. 

Шимолий Атлантика альянси раҳбари, шунингдек, Украина президенти Володимир Зеленский Мадрид саммитида иштирок этиш таклифи олганини айтди. Бироқ ҳозирча у шахсан иштирок этадими ёки видео-алоқа орқали муҳокамада иштирок этадими, аниқ эмас, деди у. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид