17:32 / 16.06.2022
28821

Резников: “Биз ҳамма ҳудудларимизни, хусусан Қримни ҳам озод қилмоқчимиз”

АҚШнинг қуроллари Украинага Россия босқини остидаги ўз ҳудудларини, хусусан Қрим ва Донбассни ҳам озод қилишга ёрдам беради, дея ишонч билдирди Украина мудофаа вазири Олексей Резников CNN'га берган интервюсида. Унинг сўзларига кўра, Киев Қримни қайтариб олишга уч босқичда эришишга умид қилмоқда.

Фото: Reznikov Oleksii / Facebook

“Биз барча ҳудудларимизни, барчасини, хусусан Қримни ҳам озод қилмоқчимиз”, деди вазир Брюсселда кечган суҳбатда.

“Қрим Украина учун стратегик мақсад, чунки у – Украинанинг бир қисми”, деди Резников ва қўшимча қилди: “Бироқ биз босқичма-босқич ҳаракат қиламиз”.

Украина мудофаа вазирига кўра, биринчи босқич Россияга қарши жанглардаги йўқотишларга барҳам бериш учун қуруқликдаги вазиятни барқарорлаштиришдан иборат бўлади.

Иккинчи босқичда Россия қўшинларини 24 февралдан олдинги позицияларига чекинтириш мақсад қилинган.

Учинчи босқичга келиб эса Украина “ҳудудларини, хусусан Қримни қандай озод қилиш бўйича” ўз ҳамкорлари билан муҳокамалар ўтказади, дея тушунтирди Олексей Резников.

Украина томони олинаётган қуроллар Россия ҳудудига ҳужум қилишда ишлатилмаслиги, бироқ Украина Қримни Россия ҳудуди деб ҳисобламаслигини таъкидламоқда.

Қримни ҳарбий йўл билан қайтариб олишга уриниш яриморолни ўз таркибига қабул қилган Россияни янада ғазаблантириши ҳақидаги саволга жавобан, Резников буни “ўз таркибига қабул қилиш” деб бўлмаслигини айтди.

“Бунинг аҳамияти йўқ. Чунки улар Херсонда ҳам, Запорожьеда ҳам, Мариуполда ҳам бунинг гувоҳи бўлишади. Булар – Украина ҳудудлари, нима бўлишидан қатъи назар Қрим ҳам Украинаники”, деди вазир.

Маълумот учун, Белгия пойтахти Брюсселда 50 га яқин давлат мудофаа вазирларининг “Рамштайн формати”даги саммити бўлиб ўтди. Украина президенти Володимир Зеленский мазкур саммитда Киев учун “яхши янгиликлар” бўлганини маълум қилди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top