07:18 / 21.06.2022
2901

Бразилиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди

2022 йил 20 июнь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов Бразилиянинг мамлакатдаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган (қароргоҳи Москва шаҳрида) Родриго Де Лима Баэн Соаресни қабул қилди.

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, Родриго Де Лима Баэн Соарес Бразилия ҳукумати Ўзбекистонни минтақадаги муҳим давлат сифатида қараб, республика билан алоқаларни ҳар томонлама ривожлантиришга тайёр экани таъкидланди.

Сиёсий мулоқотни жадаллаштириш, жумладан, вазирликлараро маслаҳатлашувларни ўтказиш, икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, БМТ, Америка давлатлари ташкилоти доирасида ва «БРИКС+» форматида ўзаро мувофиқлаштирувни кучайтириш, ҳамкорлик шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Иқтисодий дипломатияни фаоллаштириш мақсадида томонлар Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия тузиш, ўзаро аснода савдо уйларини очиш, Бразилия ишбилармон доиралари вакилларининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш масалаларини ўрганиб чиқишга келишиб олди. Бразилия бозорига Ўзбекистондан товарларни, жумладан, кимёвий ўғитлар, тўқимачилик, аграр ва бошқа турдаги маҳсулотларини етказиб беришни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди.

Маданий-гуманитар йўналишда Ўзбекистон ва Бразилия маданияти кунларини ўтказиш, икки мамлакат шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларини йўлга қўйиш, турли тармоқларда мутахассислар тайёрлаш юзасидан таълим ва илмий муассасалар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Элчи бразилиялик кинокомпаниялар ва санъат арбобларининг навбатдаги «Ипак йўли дурдонаси» Тошкент халқаро кинофестивалида иштирок этишга қизиқиш билдираётганини маълум қилди.

Top