Афғонистондаги зилзила қурбонлари сони 1,5 минг кишига етиши мумкин
Афғонистондаги ер силкинишлари натижасида бир ярим минг киши ҳалок бўлди, икки мингга яқин киши жароҳатланди, дея хабар бермоқда Al Jazeera телеканали «Толибон» вакилига таяниб.
22 июнь, чоршанба куни Афғонистон шарқида рўй берган кучли зилзила қурбонлари сони аввал хабар қилинганидан анча кўп бўлиши мумкин. Покистон чегараси яқинидаги Пактика ва Хўст провинцияларида рўй берган силкинишлар натижасида 1500 га яқин одам ҳалок бўлиши мумкин, деб хабар бермоқда Қатарнинг Al Jazeera телеканали «Толибон» ҳаракати вакилига таяниб.
Бу маълумотларга кўра, 2000 га яқин одам жароҳатланган, қулаган бинолар вайроналари остида қанча киши қолгани номаълум. Аввалроқ Афғонистоннинг Bakhtar агентлиги камида 1000 киши ҳалок бўлгани ва 1500 киши яралангани ҳақида хабар берган эди. «Қидирув-қутқарув ишлари давом этар экан, қурбонлар сони ортиши кутилмоқда», деди БМТ вакиллари ўз навбатида.
Дастлаб маҳаллий ҳокимият зилзила магнитудаси 6,1 га етганини билдирган эди. АҚШ Геология хизмати (USGS) ҳисоб-китобларига кўра, эпицентри Хост шаҳридан 46 км жануби-шарқда бўлган ер силкинишлари кучи 5,9 магнитудага етган. Қутқарув ишларига кучли ёмғир ва маблағ етишмаслиги тўсқинлик қилмоқда, дейилади BBC хабарида.
Афғонистонда сўнгги 20 йил ичида содир бўлган энг ҳалокатли зилзила Ғарб томонидан қўллаб-қувватланган ҳукумат қулаганидан кейин 2021 йилда ҳокимиятни тиклаган «Толибон» ҳаракати учун катта муаммо бўлди. Ўшандан бери мамлакат иқтисодий ва гуманитар инқирозни бошидан кечирмоқда. «Толибон» вакиллари халқаро ҳамжамият ва хайрия ташкилотларига ёрдам сўраб мурожаат қилишган.
Афғонистонда, айниқса, Ҳиндиқуш тоғ тизмаларида зилзилалар кўп учрайди. Афғонистонда кўплаб уйлар ёмон қурилгани туфайли зилзиладан кўп зарар кўради.
Мавзуга оид
13:30 / 20.11.2024
Ўзбекистон ва АҚШ афғон масаласи бўйича учрашув ўтказди
21:47 / 17.11.2024
Япония қирғоқларида 6,2 магнитудали зилзила содир бўлди
17:22 / 17.11.2024
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
11:53 / 13.11.2024