16:15 / 26.06.2022
44843

Россия Киевдаги кўп қаватли уйга зарба берди. Асосий маълумотлар

Якшанба тонгида россиялик ҳарбийлар Киев бўйлаб давомли ракета зарбалари йўллади. Маҳаллий расмийлар маълумотига кўра, ракеталар турар жой бинолари жойлашган ҳудудга, шунингдек болалар боғчасига келиб тушган. Украина ҳукумати зарбалар такрорланиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Фото: Reuters

Маҳаллий вақт билан тушга яқин Киевда янги портлашлар рўй бергани тўғрисида хабарлар кела бошлади - бу Беларус ҳудудидан авиазарбалар йўллангани ҳақидаги хабарлар ортидан рўй берди.

Эрталабки зарбалар оқибатида пойтахтнинг Шевченковский районидаги кўп қаватли бино шикастланган. Шаҳар расмийларига кўра, камида бир киши ҳалок бўлган, яраланганлар бор.

«Дўстлар! Шевченковский районида бир неча портлашлар содир бўлди. Тез ёрдам бригадалари ва қутқарувчилар воқеа жойида», дея ёзган Telegram каналида Киев мэри Виталий Кличко.

У журналистлар қаршисида ярадорлар кўплиги, харобалар остида қолиб кетганларни олиб чиқиш учун бор имкониятлар ишга солинишини айтган.

Қутқарувчилар харобалар остидан 7 ёшли қизчани қутқаришган, у шифохонага етказилиб, операция қилинган. Шунингдек, кейинроқ унинг 36 ёшли онаси плита остидан чиқариб олинган, мавжуд маълумотларга кўра, у - Россия фуқароси.

Бир киши ҳалок бўлган - тахминларга кўра, у қизалоқнинг отаси.

Яна беш киши шифохонага ётқизилган.

Киев мэри Виталий Кличко пойтахтнинг ўққа тутилишини Россиянинг якшанба куни Германияда ўтказилаётган «Катта еттилик» саммити арафасида Украина ҳукуматини қўрқитишга уриниши деб атаган.

Еврокомиссиянинг халқаро масалалар бўйича ҳамраиси Карл Бильдт унга қўшилган: «Эрта тонгда Киевдаги кўп қаватли уйга қилинган ҳужум - Эльмауда «Катта еттилик» саммити арафасида қасддан эскалация ва сигналдан бошқа нарса эмас. Буни бошқача тушуниш қийин», дея ёзган у твиттерида.

Украина президенти офиси хабарига кўра, россиялик ҳарбийлар якшанба кунига ўтар кечаси ва тонгда инфратузилма объектлари, шунингдек Черниҳив, Харкив, Луганск ва Донецк областларидаги аҳоли яшаш районларини ўққа тутишда давом этган.

Аввалроқ шанба куни Россия Ровен области Сарни шаҳридаги фуқаролик инфратузилмаларига ракета зарбалари йўллагани, бунинг оқибатида тўрт киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди.

Шанба куни тонгида ҳам Украина Россия томонидан ёппасига ўққа тутилганди. Разведка маълумотига кўра, Украинага, жумладан мамлакат шимоли ва ғарбига ҳам жами 48 та қанотли ракеталар учирилган. Уларнинг бир қисми Беларус осмонида ҳаракатланган бомбардимончи самолётлардан йўналтирилган.

Украина президенти офиси маслаҳатчиси Алексей Арестович Киев аҳолисини эҳтиёткорликка риоя этишга чақирган. Унинг сўзларига кўра, пойтахт, шунингдек бошқа украин шаҳарлари ўққа тутилиши давом эттирилиши мумкин.

Якшанба кунги Киевдаги портлашлар

Тонгда Шевченковский районидаги кўп қаватли турар жой биносига ракета келиб тушиб, ёнғин бошланган. Украина фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати хабарига кўра, унинг юқори уч қавати вайрон бўлган, бу қаватлар аҳолиси вайроналар остида қолган.

Баёнотда айтилишича, россияликлар зарбаси оқибатида 9-қаватда ёнғин чиққан, 7, 8 ва 9-қаватлар қисман вайрон бўлган. Қутқарувчилар воқеа жойида олинган суратларни ижтимоий тармоқларда тарқатишган.

Гувоҳларнинг айтишича, камида тўрт бор портлаш овози эшитилган. Воқеа жойида бўлган BBC корреспонденти уч-тўрт уй шикастланганини тасдиқлаган. Воқеа жойига камида 10 та тез ёрдам машинаси етиб келган.

Маҳаллий аҳоли вакилларидан бири бу вақтда кўпчилик ертўлага тушиб ўтиргани ва шу туфайли «тирик қолишгани»ни айтган.

Хабарларга кўра, бугунги ҳодиса жойига апрел ойида ҳам ракеталар келиб тушганди.

Украина ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Герашченконинг хабар қилишича, яна бир ракета Киевнинг Половецкий кўчасидаги болалар боғчасига келиб тушган.

Аввалроқ Киев области ҳарбий маъмурияти раҳбари Алексей Кулеба Киев области устида якшанба куни ракета уриб туширилганини хабар қилганди.

Украин ҳарбийлари маълумотига кўра, якшанба куни Киев томон зарбалар Каспий денгизи ҳудудидан туриб амалга оширилган.

Украина қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво кучлари расмийси телемарафон вақтида айтишича, зарбалар «РФнинг юқори аниқликда ҳаракатланувчи ва қимматбаҳо ракеталари» билан берилган.

«Улар Астрахан ҳудудидан учирилган, бу улардаги асосий ракеталар. Бу ХА-101. У 5500 километр масофагача учиши мумкин», деган у.

Маълумотларга кўра, бугун Киевга олтита ракета учирилган, шундан иккитаси ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими орқали уриб туширилган.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top