07:24 / 01.07.2022
4230

Июнь ойида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи қандай ўзгаргани маълум қилинди

Жорий йил 1–26 июнь кунлари давомида асосий турдаги қишлоқ хўжалиги ва гўшт маҳсулотлари улгуржи нархлари ўзгариши юзасидан таҳлилий маълумот эълон қилинди.

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги хабарига кўра, ушбу давр мобайнида бозорда қовун ва тарвуз 4 000 сўмга, помидор (қизил) 3 500 сўмга, помидор (пушти) 3 000 сўмга, бақлажон 3 250 сўмга, картошка (янги ҳосил) 2 750 сўмга, булғор қалампири (яшил) 1 500 сўмга, пиёз (янги ҳосил) 1 150 сўмга, гуруч (лазер) 1 000 сўмга, картошка (импорт) ва лавлаги 750 сўмга, бодринг, карам ҳамда гуруч (аланга) 500 сўмга арзонлаган.

Шу билан бирга, апельсин 4 000 сўмга, мандарин 2 500 сўмга ва саримсоқ пиёз 1 500 сўмга ошган.

Жорий йил 1–26 июнь кунлари умумий қиймати 98,4 млн АҚШ долларлик (ўтган йил мос даврига нисбатан 3,2 млн доллар кам) жами 180,4 минг тонна (12,2 минг тонна кўп) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.

Мазкур даврда 53,9 минг тонна тарвуз, 25,5 минг тонна пиёз, 13,7 минг тонна помидор, 13,3 минг тонна олхўри, 9,1 минг тонна сабзи, 7,7 минг тонна гилос, 6,1 минг тонна олма, 4,5 минг тонна ловия, 4,1 минг тонна мош, 3,1 минг тонна қовун, 2,9 минг тонна ўрик, 2,3 минг тонна лавлаги ва 1,4 минг тонна кўкат ташқи бозорларга етказиб берилган.

Ушбу давр мобайнида 29,6 млн АҚШ доллари (ўтган йил мос даврига нисбатан 21,9 млн доллар кўп) қийматидаги жами 28,4 минг тонна (0,9 минг тонна кам) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, 20,4 минг тонна картошка, 3,1 минг тонна банан, 569 тонна апельсин, 483 тонна олма, 142 тонна киви ва 115 тонна мандарин импорт қилинган.

Қўйлиқ бозорига 1–26 июнь кунлари ҳудудлардан жами 26,7 минг тонна, хусусан, 9,9 минг тонна картошка, 10,5 минг тонна пиёз, 949 тонна карам ва 5,2 минг тонна сабзи келтирилган. 

Ҳудудлар ва маҳсулотлар кесимида таҳлил қилинганда:

  • Тошкент вилоятидан 3 307 тонна, Намангандан 2 120 тонна, Сурхондарёдан 592 тонна ва Самарқанддан 1 482 тонна картошка;
  • Тошкент вилоятидан 6 269 тонна ва Сурхондарёдан 4 245 тонна пиёз;
  • Тошкент вилоятидан 949 тонна карам;
  • Тошкент вилоятидан 1 373 тонна, Андижондан 815 тонна, Сурхондарёдан 705 тонна, Сирдарёдан 528 тонна, Қашқадарёдан 521 тонна, Жиззахдан 445 тонна, Бухородан 326 тонна, Фарғонадан 271 тонна ва Хоразмдан 254 тонна сабзи маҳсулотлари етказиб берилган.

Қўйлиқ бозорига Покистондан 2 322 тонна ва Афғонистондан 172 тонна картошка келтирилган.

Ҳудудлардан Чорсу деҳқон бозорига 1–26 июнь кунлари жами 369,2 тонна, шу жумладан, 323,2 тонна мол гўшти ва 46,0 тонна қўй гўшти келтириб сотилган.

Top