14:36 / 06.07.2022
51185

Товушдан тез парвоз – фантастик орзуми ёки яқин келажакдаги воқелик? 

Ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб фуқаролик авиацияси катта қадамлар билан ривожлана бошлади. 80-йилларда товушдан тез учувчи пассажир самолётлари пайдо бўлди. Аммо техника, тежамкорлик ва хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар уларнинг фаолиятига нуқта қўйди. Юқори тезликдаги парвоз ҳақидаги орзулар сўнаётган бир пайтда Американинг Boom Technology компанияси товушдан тез учувчи пассажир самолётларини қайта тиклаш лойиҳасини тақдим қилди. Хўш, товушдан тез парвоз – фантастик орзу тоифасидан чиқиб, яқин келажакдаги воқеликка айланадими? 

Boom Overture товушдан тез учувчи самолёти концепти (boomsupersonic.com) 

Товушдан юқори тезлик нима? 

Ҳар қандай товуш ер юзасида 270-400 метр/секунд ёки 980-1470 километр/соат тезликда тарқалади. Аэродинамикада тезлик кўрсаткичи австриялик физик олим Эрнст Мах (Ernst Mach) шарафига М ҳарфи билан белгиланган. Товушнинг тезлиги баландликка қараб ўзгарувчан бўлади. 1 Мах ер юзасига яқин жойда 340 м/секундга ёки 1224 км/соатга тенг бўлади. 

Ҳозирги вақтда дунёда товушдан юқори (>1 Мах) тезликда учадиган пассажир самолётлари йўқ. Аммо ҳар доим ҳам шундай бўлмаган. 

Товушдан тез учадиган авиация 

1950-йиллардан товушдан тез учадиган авиация жадал ривожлана бошлади. Конструкторлар самолёт барқарорлиги ва бошқарилиши, аэродинамик самарадорлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишди. Парвоз тезлигининг ошиши билан бирга унинг баландлиги 20 километрга етди. 1960-йиллардан бошлаб, товушдан тез учадиган самолётлар оммавий ишлаб чиқарилди. 

Фан ютуқлари биринчи навбатда ҳарбий соҳага жорий қилинди. Советларнинг МиГ-17 (1949, тезлик M=1) қирувчи самолёти, Американинг North American F-100 Super Sabre (тезлик М=1,3) қирувчи самолёти, Convair B-58 Hustler (1956, тезлик М=2) бомбардимончиси, узоқ парвоз учун мўлжалланган Lockheed A-12 (1962, тезлик М=3) разведка самолёти шулар жумласидан эди. 

Товушдан тез учувчи пассажир самолётлари 

Аммо фуқаролик авиациясида бундай бўлмади – кўплаб техник ва иқтисодий муаммолар туфайли товушдан тез учувчи самолётлар оммалашмади. Тарихда улардан атиги 2 та бўлган: советларнинг Ту-144 самолёти ва Англия-Франция ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган Concorde самолёти. 

Советлар томонидан ишлаб чиқарилган Ту-144 самолёти (Wikipedia) 

Ту-144 биринчи марта 1968 йил декабрь ойида ҳавога кўтарилди. Энг юқори тезлиги 2430 км/соат (>2 Мах) бўлди. Самолёт соатига 38 тонна ёқилғи сарф қилар эди. 1975-1978-йилларда мунтазам рейсларни амалга оширди. Техника ва тежамкорлик билан боғлиқ кўплаб муаммолар, шунингдек, бир неча авиаҳалокатлар туфайли «пенсияга чиқарилди». 

Англия ва Франция ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган Concorde самолёти (Wikipedia) 

Concorde биринчи марта 1969 йил март ойида парвоз қилди. Энг юқори тезлиги 2179 км/соат (>2 Мах) бўлди. Самолёт соатига 20 тонна ёқилғи сарфлар эди. 1976-2003-йилларда асосан Лондон, Нью-Йорк ва Париж ўртасида трансатлантика ва чартер рейсларни мунтазам равишда амалга оширди. Харажатлар ошиб кетгани ва иқтисодий самарадорлик пасайгани, шунингдек, 2003 йилги авиаҳалокат туфайли эксплуатацияси тўхтатилди. Concorde ўз тарихи давомида 18 минг соатга яқин вақт парвоз қилди. 

Товушдан тез учувчи ва тижорат мақсадида фойдаланиладиган самолётларнинг энг муҳим камчиликлари қуйидагилар эди:

  • Товуш зарбаси (товуш тезлигидан ўтилган пайтда (>1Мах) юзага келадиган, портлаш овозига ўхшаш шовқин, физик ҳодиса)
  • Ёқилғи сарфининг ўта юқорилиги (катта тезлик режимида ишлайдиган двигателларда ёқилғи сарфининг кескин ошиши)
  • Баланд шовқин (товушдан тез учадиган самолётлар чиқарадиган шовқиннинг жуда баланд экани, аэропортларга яқин жойда яшовчи одамларнинг кўплаб шикоятлари)
  • Бошқаришнинг қийинлиги (учувчилар томонидан самолётни бошқаришдаги муаммолар). 

Ушбу муаммолар фуқаролик авиациясида товушдан тез учувчи самолётлар «ҳаётини қисқартирди». Ҳозирги кунда фуқаролик авиациясида 850 км/соат тезлик иқтисодий жиҳатдан самарали ҳисобланади. 

Товушдан тез парвозларни қайта тиклаш орзуси 

Concorde сўнгги марта ҳавога кўтарилганидан 13 йил ўтгач, 2016 йилда Американинг Boom Technology компанияси товушдан тез учувчи янги пассажир самолёти лойиҳасини эълон қилди. 

Boom Technology — 2014 йилда ташкил қилинган стартап компания бўлиб, унинг мақсади 45-55 ўринли, 2,2 Мах (2335 км/соат) тезликда учадиган, товушдан тез йўловчи самолётини яратишдир. Лойиҳага кўра, у Нью-Йоркдан Лондонга 3,5 соатда, реактив самолётлардан деярли 2 баробар тез учиб бориши мумкин бўлади, чипта нархи икки томонга тахминан 5 минг долларни ташкил қилади. 

2016 йилда компания режаларини бироз ўзгартириб, Boom Overture самолёти концепциясини тақдим қилди. У 1,7 Мах (1800 км/соат) тезликда учувчи, 65–88 йўловчига мўлжалланган, 8000 км масофага қўнмасдан парвоз қиладиган самолёт бўлиб, 2026 йилда биринчи парвози, 2029 йилдан мунтазам қатновларни амалга ошириши режалаштирилган. 

Boom Overture (boomsupersonic.com) 

Лойиҳага кўра, самолёт учбурчаксимон (дельтасимон) қанотли конфигурацияга эга бўлади ва композит (енгил) материаллардан қурилади. У учта 20 минг от кучига эга двигателлар билан таъминланади. 

Товушдан тез учувчи самолётлар истиқболи 

Boom Technology компаниясининг таъкидлашича, яқин келажакда бозорда товушдан тез учувчи 1000 та самолёт ва 500 та маршрутга эҳтиёж туғилади. 

1,7 Мах тезликда учиш Нью-Йоркдан Лондонга 6 соатда эмас, балки 3 соат-у 30 дақиқада, Нью-Йоркдан Франкфуртга 7 соат ўрнига 4 соатда, Сан-Францискодан Токиога 10 соат ўрнига 6 соатда етиб олиш имконини беради. 8000 км масофадан ошадиган парвозларда самолёт ёқилғи қуйиш учун қўниб олиши керак бўлади. 

Boom Overture самолёти салони (boomsupersonic.com) 

Boom Overture самолёти нархи интерьерни ҳисобга олмаганда 200 миллион доллар бўлиши режалаштирилган. Boom заводи йилига 100 та самолёт йиғишни кўзламоқда. 

Компаниянинг таъкидлашича, ҳар бир ўриндиқ учун сарфланадиган операцион харажатлар ҳозирги кенг фюзеляжли самолётларга қараганда паст бўлади. 

Boom Нью-Йоркдан Лондонга икки томонлама парвоз учун 5 минг долларлик тарифни кўзламоқда. Таққослайдиган бўлсак, Concorde самолёти чиптаси ҳозирги нархларда 20 минг долларга тенг бўлган. Бу унинг ягона даромадли маршрути эди. Қайд қилиш жоизки, Boom Overture дастлабки босқичда фақат бадавлат одамлар учун мўлжалланган тарифни таклиф қилмоқчи. 

Boom Overture Сан-Франсиско-Токио ва Лос-Анжелес-Сидней каби узоқ масофали йўналишлар учун 15 та бизнес-класс ўриндиқли, шунингдек, 30 та биринчи тоифадаги букилувчан ўриндиқли салонни таклиф қилиши мумкин. 

Boom Technology компанияси Boom Overture самолёти учун ҳозирги кунда 76 та буюртма олган. 

АҚШ президенти учун мўлжалланган самолёт (Air Force One) концепти (boomsupersonic.com) 

2020 йил сентябрь ойида компания АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари билан шартнома имзолади. Ундан Overture самолётини президент фойдаланадиган биринчи рақамли борт (Air Force One) сифатида ишлатиш режалари ўрин олган. 

100 долларлик парвоз 

Товушдан тез учувчи авиация учта мақсадни кўзлайди: бири саёҳат вақтини қисқартириш, иккинчиси парвоз харажатларини арзонлаштириш ва учинчиси углерод чиқиндиларини камайтириш. 

Boom Technology компанияси асосчиси ва бош директори Блейк Шолл Overture самолётининг бу мақсадларга эриша олишига ишончи комил. 

«1960-йилларда фойдаланилган технологияларда жуда кўп нарса ўзгарди. Самолётсозликда алюминий ўрнига углерод толасидан фойдаланилмоқда. Реактив двигателлар шовқинсиз ва тежамкор бўлиш йўлида ажойиб ютуқларга эришди. Биз янги, товушдан тез самолётни тезкор, мустаҳкам ва экологик тоза қиламиз. Келажакда парвоз нархини 100 долларга туширамиз, бу эса кенгроқ оммага ундан фойдаланиш имконини беради», - деди у. 

Тўғри, 4 соат ичида дунёнинг исталган нуқтасига саёҳат қилиш учун 100 доллар сарфлаш амалга ошмас орзу бўлиб туюлиши мумкин. Аммо Boom компанияси янги самолётларнинг иккинчи ва учинчи авлоди ишлаб чиқарилганида, яъни узоқ келажакда бунга эришмоқчи. 

Boom олдидаги муаммолар 

Boom Overture ташқи кўриниши Concorde самолётига ўхшаш, қанотлари дельтасимон бўлади. Унинг қиймати 75 фоизга арзон бўлиши кутилмоқда. 

55 ўринли самолётнинг оғирлиги 77,1 тонна, узунлиги 52 метр ва кенглиги 18 метр бўлади. Ўриндиқлар оралиғидаги масофа 1,9 метрни ташкил қилади, бу эса парвоз давомида йўловчилар учун қўшимча қулайлик туғдиради. 

Boom Overture (boomsupersonic.com) 

Boom Overture товушдан тез самолётларга хос ўта юқори шовқин билан боғлиқ муаммони ҳал қилиши лозим. Унинг шовқини Concorde самолётидан 30 фоизга паст бўлиши, яъни парвоз пайтида Boeing 777-300 самолётидан ҳам паст бўлиши режалаштирилган. 

Шовқинни чеклаш учун двигателлар ўлчамини кичрайтириш, натижада, ёқилғи сарфини 30 фоизга камайтириш кўзланяпти. Бунинг учун Boom форсаж камерага эга бўлмаган двигателлардан фойдаланмоқчи. Ҳозирги вақтда реактив қирувчи самолётлар худди шундай двигателлар билан жиҳозланган. Аммо уларда тежамкорлик ва фуқаро авиацияси учун муҳим бўлган ишончлилик йўқ. Boom авиация двигателлари ишлаб чиқарувчи Rolls Royce компанияси билан янги двигателлар борасида ҳамкорлик қилмоқда. 

Самолёт дизайнига назар ташлайдиган бўлсак, у тахминан Boeing 737 ўлчамига эга. Аммо салон торроқ ва йўлак атрофи бир қаторли ўриндиқлардан иборат бўлади. Багаж ўриндиқлар остида сақланади.

Boom Overture самолёти ўриндиғи (boomsupersonic.com) 

Салоннинг муҳим жиҳати – катта иллюминаторлар бўлиб, стратосфера шароитида чиройли манзарани томоша қилиш имконини беради. 

Overture самолётининг дастлабки синов парвозлари 2026 йилдан бошланиши режалаштирилган. 

Нурмуҳаммад Саид тайёрлади.

Top