Жаҳон | 19:15 / 06.07.2022
8412
3 дақиқада ўқилади

Украина Туркиядан русларнинг яна учта кемасини текширишни сўради

Украина Бош прокуратураси Туркиядан Россия байроғи билан сузаётган яна учта кемани текширишни сўради. Украина томонининг тахминича, руслар бу кемаларда Украинадаги босиб олинган ҳудудлардан дон олиб кетаётган бўлиши мумкин.

Фото: REUTERS/Yoruk Isik

Украиналик прокурорлар Туркия Адлия вазирлигига 13 июнда юборган хатда Россиянинг «Михаил Ненашев», «Матрос Позинич» ва «Матрос Кошка» юк ташувчи кемаларини текшириш сўралган. Бу кемалар Россия «Бирлашган кемасозлик корпорацияси»га тегишли корхонада рўйхатдан ўтган.

Кемалар апрел-май ойларида Севастополда жойлашган Қримдаги асосий буғдой ортиладиган терминалдан йўлга чиққан. Кемаларнинг иккитаси шубҳали тарзда жойлашуви ҳақида сигнал тарқатадиган трекерларини ўчириб қўйган. Украина томони Анқарадан бу кемаларнинг Туркияга боргани ва ундаги юклар бўйича ҳужжатларни талаб қилган. Киев бу кемаларда руслар томонидан босиб олинган Херсондан ортилган дон борлигини тахмин қилмоқда.

Аввалроқ Украина Туркия томонидан Россия байроғи остида сузадиган «Жибек Жоли» кемасини қўлга олишини сўраганди. Киев бу кемада руслар босиб олган Запорижжядан буғдой ортилганини тахмин қилган. Бу кема Қорасув портида қўлга олингани ҳақида хабарлар чиқди, аммо Россия Ташқи ишлар вазирлиги кема шунчаки одатий назорат учун, хусусан, фитосанитария назорати учун тўхтатилгани, сал туриб унга кетишга рухсат берилишини маълум қилди.

Туркия Ташқи ишлар вазирлигида Украина Бош прокуратураси томонидан юборилган сўров бўйича расмий муносабат билдиришни исташмаган.

Уруш бошланганидан буён Украина Россияни кўп марта босиб олинган ҳудуддаги донларни ўғирлаб сотишда айблаб чиқди. Москва барча айбловларни рад этиб келади. Украина Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ахборотига кўра, Россия аллақачон Украинадаги босиб олинган ерлардан 400 минг тонна донни сотиб юборган.

Украинанинг Туркиядаги элчиси Василий Боднарнинг Reuters'га маълум қилишича, руслар эгаллаб олинган буғдойнинг асосий қисмини Туркия портлари орқали сотмоқда. Унинг сўзларига кўра, Украина Туркия томонига камида 13 та рус кемаси ноқонуний тарзда украин донларини олиб кетаётгани борасида далиллар юборган.

Украина томони ҳисоб-китобларига кўра, уруш бошланганидан буён мамлакатда 20 миллион тоннадан ортиқ дон маҳсулотлари қайта ишланмай ва экспорт қилинмай қолган. Охирги йилларда Украина дунёда дон етиштириш бўйича етакчи ўринларда бўлаётган, дунё бозоридаги 10 фоиз дон айланмаси айнан Украина ҳиссасига тўғри келаётганди.

2020 йилда Украина 64 миллион тонна дон маҳсулотлари ишлаб чиқаргани маълум. Шундан 26 миллион тоннага яқини буғдой бўлган. 2022 йилда эса уруш сабаб Украинада дон маҳсулотлари етиштириш ҳажми кескин тушиб кетган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид