Спорт | 08:01 / 12.07.2022
15421
11 дақиқада ўқилади

Ёзги трансферлар. Англия грандлари қандай ҳаракат қилмоқда?

Англиянинг учта топ-клуби трансферлар бўйича мастер-класс кўрсатмоқда, «Челси» ва «Юнайтед» эса «ухлаб ётибди».

Фото: Getty Images

 «Сити»нинг ишлари ҳамманикидан яхшироқ, у кетганларнинг ўрнини дарҳол тўлдирди. Аммо, улар икки футболчи учун 100 млн евродан кўпроқ пул сарфлашди.

10 июн куни Англияда ёзги трансферлар ойнаси очилди. Бир ой ичида барча клублар янги футболчиларни сотиб олиш учун 730 млн евродан кўпроқ маблағ сарфлади ва кетганлардан 345 млн евро ишлаб олди.

Англияда трансфер ойнаси 1 сентябр куни ёпилади. Қуйида Премьер-Лиганинг топ-клубларини ким кучайтирганини, кимлар сотилганини ва кучли еттита жамоасида қандай трансферлар бўлиши мумкинлиги кўриб чиқилади.

«Манчестер Сити»

Англиянинг амалдаги чемпиони асосий футболчилардан ҳеч кимни йўқотмади. Тўғри, «Ман Сити»ни эркин агент сифатида Фернандиньо тарк этиб, «Атлетико Паранаенсе»га йўл олди. Аммо унинг ўрнига «шаҳарликлар» «Лидс»дан Калвин Филлипсни 48,75 млн евро эвазига олиб келишди.

Ҳужум чизиғида позиция бўйича трансфер содир бўлди – 52,2 млн еврога «Арсенал» футболчисига айланган Габриел Жезуснинг ўрнини 60 млн еврога Эрлинг Ҳоланд эгаллади. Жамоага Хулиан Алварес ҳам келиб қўшилди. «Ривер Плейт» сафида 25 ўйинда 18 та гол урган 22 ёшли ҳужумчини «шаҳарликлар» 17 млн еврога қишда сотиб олишган, аммо 6 ойга ижарада қолдиришган эди.

Бундан ташқари, «Манчестер Сити» «Арминия» дарвозабони Штефан Ортегани текинга олди. 29 ёшли дарвозабон иккинчи рақамли бўлиш учун Закари Стеффен билан рақобатлашади.

«Ман Сити»ни Жезус ва Фернандиньодан ташқари Коу Итакура ва Педро Порро ҳам тарк этди. Иккала футболчи ҳам жамоага 2019 йилда келиб қўшилган, аммо бирор марта майдонга тушмасдан, ижарага бериб юборилганди. Япониялик футболчи 1,1 млн еврога сотиб олинганди, 5 млн евро эвазига «Боруссия М» клубига ўтди. Бразилиялик эса 12 млн еврога олинганди, 8,5 млн еврога «Спортинг»га сотилди.

Трансфер ойнаси ёпилгунга қадар, яна бир қанча футболчи клубни тарк этиши мумкин. Раҳим Стерлинг «Челси»га ўтиши ойдинлашмоқда, Олександр Зинченко ва Бернарду Силва ҳам янги клуб излашмоқда. Иккинчиси аллақачон Хосеп Гвардиолага «Барселона»га ўтишни истаётганини айтган. «Ман Сити» эса бозордаги трансфер фаоллигини тўхтатмоқчи эмас: улар Маттейс де Лигтга ва «МЮ» нишонида турган Серж Гнабрига қизиқиш билдиришмоқда.

«Ливерпул»

Июн ойида «Ливерпул» оғир юкдан халос бўлди – клубни Лорис Кариус (бепул), Ожо Шейи (бепул, охирги марта 2016/2017 йилги мавсумда асосий таркибда ўйнаган), Дивок Ориги (бепул, «Милан»), Бенжамин Вудбёрн (бепул, «Престон»), Марко Груйич (9 млн евро, «Порту») ва Такуми Минамино (15 млн евро, «Монако») тарк этди.

Шунингдек, «Ливерпул» сенегаллик ҳужумчиси Садио Манени 32 млн евро эвазига «Бавария»га сотди. Унинг ўрнига мерсисайдликлар ҳужумида Дарвин Нуньес ўйнайди. 23 ёшли уругвайлик 2021/2022 мавсумида «Бенфика» сафида 41 ўйинда 34 гол урди. «Ливерпул» унга қўшимча равишда, келажакни кўзлаб, Фабио Карвальони «Фулҳэм»дан 5,9 млн еврога олди. 19 ёшли ҳужумкор яримҳимоячи Чемпионшипда 36 та ўйин ўтказиб, жамоа юлдузларидан бири бўлган эди. Шунингдек, «Ливерпул» «Абердин»нинг 18 ёшли ўнг қанот ҳимоячиси Келвин Рэмсини (4,89 млн евро) ўз сафига қўшиб олди.

«Ливерпул»нинг трансферлари шу билан тугамаётганга ўхшайди. Роберто Фирмино «Ювентус»га кетиши ва «Боруссия Дортмунд»дан Жуд Беллингемнинг келиши эҳтимоли бор. Мерсисайдликлар Англия миллий жамоаси футболчиси учун 100 млн евро тўлашга тайёр, аммо немислар 120 млн евро сўрамоқда. Ушбу ёш яримҳимоячи Жордан Ҳендерсоннинг ўрнини босувчи футболчи сифатида кўрилмоқда. Аммо бу йил ёзда трансфер амалга ошмайди, чунки немислар мавсум оралиғида Ҳоланддан кейин яна бир юлдузини йўқотишни истамаса керак.

«Челси»

«Челси» ҳозирча фақат йўқотишларга эга. Лондонликлар уч нафар марказий ҳимоячи билан хайрлашди – Андреас Кристенсен (эркин агент, «Барселона»), Антонио Рюдигер (эркин агент, «Реал») ва Жейк Кларк-Салтер (эркин агент, «Куинз Парк Рейнжерс»). Бундан ташқари, Саул Ньигес ижарадан Мадриднинг «Атлетико» клубига қайтди, Ромелу Лукаку «Интер»га ижарага кетди. Шарли Мусонда ва Дэниел Дринкуотер эса шартномасиз қолиб кетишди.

Харидлар эса йўқ. Конор Галлаҳер ва Армандо Брой ижарадан «Челси»га қайтишди. Улар 2021/2022 мавсумини мос равишда «Кристал Пэлас» ва «Саутҳемптон»да ижарада ўтказдилар.

«Челси» Маттейс де Лигт, Неймар, Рафинья, Криштиану Роналду ва Стерлинг хизматига қизиқиш билдирмоқда. Рафинья ва Стерлинг аллақачон «кўклар» билан шартнома борасида келишиб олишган. Фабрицио Романонинг сўзларига кўра, Стерлингнинг трансфери тахминан 41 млн еврони ташкил қилади. Ҳужумчининг «Ман Сити»дан кетишига ўйин амалиёти камайгани сабаб бўлмоқда.

Ҳаким Зиёш ва Маркос Алонсо эса «Челси»ни тарк этиши мумкин – мос равишда «Милан» ва «Барселона» футболчиларга қизиқиш билдирган.

«Тоттенҳэм»

«Тоттенҳэм» учта ажойиб трансферни амалга оширди. Энди ҳужумда Ҳарри Кейн билан бирга «Эвертон»дан 58 млн еврога сотиб олинган Ришарлисон ўйнайди. Яримҳимояда «Брайтон»дан келган Ив Биссума (29,2 млн евро) ва «Интер»дан олинган тажрибали Иван Перишич (бепул) тўп тепади. Шунингдек, «шпорлар» «Аталанта»га қайтган Перлуижи Голлини ўрнига «Саутҳемптон»дан 34 ёшли дарвозабон Фрейзер Форстерни олди.

Шу йил ёзда «Тоттенҳэм» ўз тарбияланувчисини сотиш орқали 7 млн евро ишлаб олди: бунгача «Шеффилд Юнайтед», «Ипсвич», «Суонси», «Сток Сити», «Лутон» ва «Борнмут» клубларига ижарага бериб келинган 24 ёшли ҳимоячи Кэмерон Картер-Викерс «Селтик» билан 4 йиллик шартнома имзолади.

Стивен Бергвейн ҳам «Тоттенҳэм»ни тарк этди – 2020 йил январида «ПСВ»дан 32 млн еврога сотиб олинган футболчи энди «Аякс»га 31,25 млн еврога трансфер қилинди. Франциялик ҳимоячи Клеман Лангле ҳам «Тоттенҳэм»га ўтди. «Барселона» 27 ёшли футболчини сотиб олиш ҳуқуқисиз бир йилга ижарага берди.

«Арсенал»

«Канонирлар» Александр Ляказеттни «Лион»га қайтариб юборишди (бепул) ва «Сити»дан Габриэл Жезусни (52,2 млн евро) олишди. Шунингдек, «Арсенал» яримҳимоя чизиғини «Порту»дан Фабио Виейра (35 млн евро) билан, ўнг қанот ҳимоясини «Сан-Паулу»дан 19 ёшли Маркиньос (3,5 млн евро) билан кучайтирди.

Америкалик дарвозабон Мэтт Тёрнер клубда Аарон Рамсдейл ва Бернд Лено билан рақобатлашади. Дарвоқе, сўнггиси жамоани тарк этмоқчи – унга Нидерландия клуби қизиқмоқда.

«Арсенал» бу ёзда икки футболчи орқали пул ишлаб олди: Маттео Гундузи 11 млн еврога «Марсел»га ўтди, Константинос Мавропанос эса 3,2 млн евро эвазига «Штутгарт» футболчисига айланди.

«Канонирлар» сафини трансфер ойнаси ёпилгунга қадар Пауло Дибала, Серж Гнабри ва «Лидс»дан Рафинья кучайтириши мумкин. Аммо ҳозирча улар билан жиддий музокаралар ўтказилмаган.

«Манчестер Юнайтед»

«МЮ» ҳаммани текинга қўйиб юборди: Пол Погба, Хуан Мата, Жесси Лингард ва Эдинсон Кавани эркин агентга айланди, 39 ёшли дарвозабон Ли Грант фаолиятини якунлади, Де Хеа ўринбосари Дин Ҳендерсон «Ноттингем Форест»га ижарага берилди, Неманья Матич эса учинчи марта Жозе Моуриньо қўл остида ўйнайдиган бўлди. У ҳам «Рома»га текинга кетди.

Шу тариқа, «Манчестер Юнайтед» Transfermarkt томонидан 96 млн еврога баҳоланган футболчилар учун 0 евро олди.

«Қизил иблислар» фақат «Фейеноорд»дан Тирелла Маласияни қўлга киритишди. У 15 млн евро туради ва Люк Шоу, Алекс Теллес билан рақобатлашади. «Манчестер Юнайтед»нинг ғалати трансфер сиёсати – клубда аллақачон ёш Брендон Уильямс бор. Маласия – чап қанотнинг тўртинчи ҳимоячиси.

«МЮ» раҳбарияти Криштиану Роналду билан хайрлашишни истамаяпти, лекин футболчи жамоанинг мавсумолди йиғинларига бирга йўл олмади. Клуб Гнабри, Дибала ва Эриксен каби футболчилардан бирини Манчестерга олиб келишни кўзлаган.

Асосий савол: Френки де Йонг «қизил иблислар» сафига ўтадими? «Барселона» яримҳимоячисининг трансфери «Манчестер Юнайтед»га 65 млн еврога тушиши кутиляпти. Масала бонуслар миқдорига бориб тақалмоқда, катта эҳтимол билан улар 20 млн евро атрофида бўлади.

«Вест Ҳэм»

«Болғачилар»да ҳаммаси яхши: улар Алекс Крални «Спартак» клубига қайтаришди, у ўзини кўрсата олмади. Ёши катта Андрей Ярмоленко ва Дэвид Мартинни қўйиб юборишди. 35 ёшли Марк Нобл фаолиятини якунлади. Бундан ташқари, Райан Фредерикс «Борнмут»га текинга йўл олди. Ўнг қанот ҳимоячиси 2021/2022 мавсумида деярли ўйнамади.

«Вест Ҳэм» мавсумни ижарада ўтказган Альфонс Ареола учун «ПСЖ» клубига 9,3 млн евро тўлади. «Ренн»дан марказий ҳимоячи Наиф Агерни 35 млн еврога сотиб олди (бу ортиқча тўлов бўлиши мумкин). «Вест Ҳэм» яна қандай футболчиларга қизиқиш билдирмоқда? Жесси Лингард (олдин клубда ўйнаган), Амаду Онана («Лилл» клубининг ёш таянч яримҳимоячиси) ва Кристиан Эриксен.

Мавзуга оид