Жаҳон | 08:37 / 14.07.2022
11760
4 дақиқада ўқилади

Байден Исроилга АҚШнинг қўллаб-қувватлови ҳақида ваъда берди 

Байден АҚШ президенти сифатида Исроилга илк ташрифи чоғида мамлакат расмийлари билан биринчи навбатда Яқин Шарқдаги хавфсизлик ва иқтисодий архитектура муаммоларини муҳокама қилмоқчи.

Фото: Reuters

АҚШнинг Исроилни қўллаб-қувватлаши «қатъий» бўлиб қолади. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден 13 июль, чоршанба куни Америка давлати раҳбари сифатида Яқин Шарққа илк сафари чоғида айтиб ўтди.

Бугун АҚШ ва Исроил ўртасидаги алоқалар ҳар қачонгидан ҳам «чуқурроқ ва кучлироқ», деди Байден. Бен Гурион аэропортида Америка раҳбарини Исроил президенти Ицхак Герцог, мамлакатнинг янги бош вазири Яир Лапид  ва ундан олдинги бош вазир Нафтали Беннет кутиб олди.

Кутиб олиш маросимида Лапид Байден «Исроилнинг энг яхши дўстларидан бири» эканлигини айтди. 

Байденнинг Исроилга ташрифи давомида томонлар муҳокама қилишни режалаштирган мавзулардан бири миллий хавфсизлик масаласидир. Бундан ташқари, Яқин Шарқдаги «хавфсизлик архитектураси» ва «иқтисодий архитектура» масалалари кун тартибида, дея таъкидлади Исроил ҳукумати раҳбари. Бу ерда Иброҳим шартномаси (АҚШнинг 45-президенти Доналд Трамп ташаббуси билан тузилган ва 2020 йил 15 сентябрда имзоланган Исроил ва БАА ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш тўғрисидаги келишув – таҳр.) асосий роль ўйнаши керак. Айнан у туфайли бир қатор араб давлатлари Исроил билан алоқаларини тиклади. 

АҚШдан Исроилга учаётганда Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан журналистларга АҚШ президенти «икки халқ учун икки давлат» ғоясига содиқлигини яна бир бор таъкидлашни режалаштираётганини, аммо Исроил ва Фаластин мухторияти ўртасидаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш концепцияси борасида ҳеч қандай янги ғояни таклиф қилмоқчи эмаслигини айтди. 

Байденнинг Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос билан учрашуви 15 июлга белгиланган. 

Аэропортда Байденга «Темир гумбаз» ракетага қарши мудофаа тизими ҳақида гапириб беришди ва дронлардан ҳимояланиш учун лазерни намойиш қилишди. ОАВ маълумотларига кўра, Исроил 2023 йилда ишга тушиши режалаштирилган «Темир нур» тактик ракеталарга қарши мудофаа тизимини молиялаштиришда АҚШдан ёрдам олишга умид қилмоқда. Айрим экспертларнинг фикрича, Исроил Байдендан Саудия Арабистони каби араб давлатларига кучли лазер тизимини етказиб беришни маъқуллашни сўрайди. 

15 июль куни Байден подшоҳлик раҳбарияти билан учрашиш учун Саудия Арабистонига боради. Тахминларга кўра, у ресурс нархининг ошишини ушлаб туриш ва АҚШдаги инфляцияни қоплаш учун ушбу мамлакат расмийларини нефть экспортини оширишга ишонтиришга ҳаракат қилади. 

Яқин Шарққа сафари олдидан АҚШ президенти Саудия Арабистонига режалаштирилган ташрифи учун бир неча бор танқид қилинган эди. 2019 йилги сайлов кампанияси давомида Байден Ар-Риёд раҳбариятини ҳукуматни танқид қилган саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши учун жавобгарликка тортишга ваъда берди. Қошиқчи 2018 йилнинг кузида Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигида қотиллар қўлидан ҳалок бўлган эди. АҚШ разведкаси маълумотларига кўра, қотиллик буюртмачиси Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмондир. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид