Ўзбекистон | 13:39 / 15.07.2022
9914
1 дақиқада ўқилади

Фуқаролар пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритилади

Қонунчилик палатаси мажлисида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Фото: Getty Images

Мажлисда қайд этилганидек, амалдаги қонунчиликка мувофиқ пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлмаган миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи олинади.

Бугунги кунда пенсионернинг охирги ўн йиллик меҳнат фаолиятига оид бўлган даврлари учун суғурта бадаллари (ижтимоий солиқ) тўланган бўлса-да, бу даврлардаги, шунингдек, ўртача ойлик иш ҳақи миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдори ўн бараваридан ортиқ бўлганда қолган сумма миқдори пенсия ҳисоблашда инобатга олинмайди.

Депутатлар айтишича, қабул қилиниши таклиф этилаётган ушбу тартиб иш ҳақи миқдори, иш стажи ва пенсия миқдори ўртасидаги боғлиқликни таъминлаш орқали пенсия тизимида ижтимоий адолатнинг қарор топишига ёрдам беради.

Ушбу тартиб нафақат 2023 йил 1 январдан кейин пенсияга чиқадиган фуқаролар, балки 2023 йил 1 январдан олдин тайинланган пенсионерлар учун ҳам тааллуқлидир.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид