Жамият | 08:00 / 16.07.2022
20259
2 дақиқада ўқилади

Андижонда 8-синф ўқувчиси фирибгарликда гумон қилинмоқда

15 ёшли бола фуқароларни алдаб, пулларини қўлга киритиб, пулларни “PUBG” онлайн ўйинига тикиб келгани маълум бўлди. Бу ҳақида ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар бермоқда.

Фарғона вилоятида яшовчи, 1991 йилда туғилган Д.И. ички ишлар органига ариза билан мурожаат қилиб, фирибгар тузоғига тушганини ва пулларидан айрилганини маълум қилган

Жабрланувчининг билдиришича, номаълум шахс телеграм мессенжери орқали унга “Омад шоу” дастурида пул ютуғини ютиб олгани тўғрисида хабар юборган. Унинг ишончига кириб, ютуқ пулларини банк пластик картасига ўтказиб беришини айтган. 

Ўз навбатида, фуқаро унга ўз пластик рақами маълумотларини берган. Лекин ютуқ пулларидан умид қилиб ўтирган Д.И. бироз ўтиб, бор пулидан ҳам айрилган. Пластик картасидаги бир миллион сўмга яқин пуллар ечиб олинган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида, ушбу жиноятни Андижон вилоятида яшовчи, 2007 йилда туғилган 8-синф ўқувчиси О.Х. содир этгани аниқланиб, қўлга олинган.

Ўрганишлар натижасида О.Х. шу усул билан ўнлаб фуқарони алдаб, пулларини қўлга киритгани, жиноий йўл билан топган пулларни эса “PUBG” онлайн ўйинига тикиб, сарфлагани маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

 

Мавзуга оид