10:06 / 16.07.2022
13263

“Ташаббусли бюджет”: кўп йиллик муаммони 927 овоз ҳал қилди

Навоий вилоятида “Ташаббусли бюджет”нинг биринчи босқичида ғолиб бўлган лойиҳаларни молиялаштириш давом этмоқда. Муаммоларини турли жойларга қилинган мурожаатлардан кўра ўз овозлари тезроқ ҳал қилиши мумкинлигини сезган навоийликлар иккинчи босқичда янада фаол бўлиш ниятида.

Кармана туманидаги Варқ маҳалласида жойлашган Сангбур қишлоғида100га яқин оила истиқомат қилади.Яқингача қишлоққа кириб-чиқиш учун алоҳида йўл йўқ эди.Аҳоли захкашнинг ҳимоя ҳудудидан йўл сифатида фойдаланиб келган. Одамлар кўп йиллар ёзда чанг, қишда лой йўлдан юришга мажбур бўлишган.

Қишлоқ аҳолиси ушбу муаммони “Ташаббусли бюджет”га қўйиб, ғолибликни қўлга киритишган эди.Уларнинг кўп йиллик муаммоси ҳал бўлди: қишлоқнинг 1,5 километрдан ортиқ ички йўлига асфалт ётқизилди.

Қишлоғимизни асфалтлаштириш масаласи бўйича бормаган ташкилотимиз, кирмаган эшигимиз қолмаган эди. 30 йиллик муаммо шу кунгача судралиб келаётганди. “Ташаббусли бюджет”дан унумли фойдаландик. Ҳаммамиз биргалашиб, овоз йиғдик. Ғолиб деб топилдик ва мана шу ишлар амалга ошди. 15 кун аввал ишлар бошланиб кетди. Қишлоғимизда 1 580 метр масофада асфалтлаштириш ишлари якунига етай деб қолди. Қишлоғимиз аҳолиси, ёшлар бундан миннатдор. Айрим кўчаларимиз қолган.Маблағга қараб ишлар амалга оширилди. Қолган қисми учун “Ташаббусли бюджет”нинг навбатдаги босқичида яна ҳаракат қиламиз”, — дейди ташаббускор Шерали Холиқов.  

“Ташаббусли бюджет”нинг биринчи босқичида туманда 8 та ташаббус ғолиб бўлганди. Шундан 6 таси ички йўлларни асфалтлаштириш билан боғлиқ. Мазкур ташаббусларни амалга ошириш учун жами 4 млрд 699 млн сўм маблағ йўналтирилган. Кармана тумани молия бўлими бошлиғи Умид Рустамовнинг таъкидлашича, ҳозирда уларнинг барчаси молиялаштирилиб, ишлар якунига етказилмоқда.

Ғолиб деб топилган ташаббуслардан яна бири Кармана тумани тиббиёт бирлашмасига замонавий УЗИ аппарати олиш эди. Туман ҳокимлигининг маълум қилишича, ушбу ташаббус ҳам амалга оширилган. 

Руслан Сабуров, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов

Top