Жаҳон | 10:02 / 19.07.2022
14545
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британияда жуда иссиқ ҳарорат кузатилмоқда

Буюк Британияда яқин икки кун давомида ҳаво ҳарорати 40 даража атрофида бўлиши кутилмоқда. Айрим мактаблар ёпилган, поездлар ҳаракати қисман тўхтатилган. Германияда тропик иссиқлик кутилмоқда.

Фото: Theglobaltimes

Буюк Британия аномал иссиқ ҳароратдан азият чекмоқда. 18 июль, душанба куни Лондонда ҳарорат Цельсий бўйича 38 даражага етди. 19 июль куни Met Office Британия метеорология агентлиги ҳарорат 40 даражадан юқори бўлишини тахмин қилмоқда.

Қиролликда ўта юқори ҳарорат туфайли тарихда биринчи марта «қизил» огоҳлантириш даражаси жорий этилди. Шу муносабат билан айрим мактаблар ёпилган, айрим йўналишларда темирйўл ҳаракати тўхтатилган. Бир қатор темирйўл компаниялари йўловчиларга 18 ва 19 июль кунлари саёҳат қилишдан бош тортишни тавсия қилди. Касалхоналар яқин кунларда ўз имкониятларидан ҳам ортиқ даражада ишлаши кутиляпти.

Буюк Британиядаги аввалги ҳарорат рекорди 2019 йилнинг 25 июлида Кембриждаги ботаника боғида қайд этилган ва 38,7 даражага тенг бўлган. Met Office бош метеорологи Пол Гандерсен рекорд даражадаги иссиқлик тўлқинини иқлим ўзгариши билан боғлади. Унинг сўзларига кўра, бу каби мисли кўрилмаган иссиқ кунлар жорий асрнинг охирига келиб мунтазам ҳодисага айланиши мумкин. 

Германияда ҳам душанбадан чоршанбагача ҳарорат рекордлари кутилмоқда, мамлакат бўйлаб термометрлар 35 даражадан кўтарилиб, баъзи жойларда 40 даражага яқинлашади ва ҳатто ундан ҳам ошиб кетиши мумкин. Кечаси ҳаво фақат 25-27 даражагача пасаяди. 

Айни пайтда, Германия ҳукумати жорий ёз учун жазирамадан ҳимоя қилиш режасини тайёрламади. Конституцияга кўра, бу муниципал ҳокимият зиммасига юкланган, деди Германия атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлигининг Берлиндаги вакили. У, шунингдек, федерал ҳукуматнинг бу борадаги чора-тадбирларини, хусусан, ижтимоий институтларни, қариялар уйлари ва болалар боғчаларини иқлим ўзгаришига мослаштириш дастурларини қўллаб-қувватлади. 

Ҳаддан ташқари иссиқлик Европанинг бир қатор бошқа мамлакатларида, хусусан, Испания, Португалия, Франция ва Бельгияда ҳам кузатилмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид